Хавфсиз ичимлик суви ва санитария инсоннинг асосий ҳуқуқлари сифатида эътироф этилди, зеро улар соғлом турмуш тарзини таъминлаш учун зарур. Дунё миқёсида 10 кишидан 3 нафари хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга эмас. Ҳимояланмаган манбалардан сув ичувчи кишиларнинг деярли ярми Африкада, Сахара жанубида ишайди. 10 кишидан 6 нафари санитар хизматлардан фойдалана олмайди. Бироқ бу умумжаҳон кўрсаткичлар минтақалар ва мамлакатлар кесимида сезиларли фарқ қилади.  Kun.uz мухбири 21 май куни Тошкентда бўлиб ўтган БМТнинг 2019 йилдаги сув ресурслари ҳолатига доир бутунжаҳон ҳисоботи тақдимотига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Сув ресурслари танқислиги

"Дунёда сув ресурслари билан боғлиқ вазият янада оғирлашмоқда. Демографик ўсиш ва аҳоли мобиллиги, шунингдек иқлим ўзгариши оқибатида янги эҳтиёжларнинг пайдо бўлиши натижасида юзага келган сув истеъмолининг ошиши сув ресурслари танқислигининг янада сезиларли намоён бўлишига олиб келади", - деди Тошкент ирригация муҳандислиги ва қишлоқ хўжалиги мехнизацияси институти ректори, профессор Ўктам Умурзоқов.

Фото: tiiame.uz

Расмий статистикага кўра, дунёда 2,4 млрд киши сув ресурслари билан боғлиқ зарур сантария хизматларига эга эмас. 1 млрд.дан ортиқ киши хавфсиз сувдан фойдаланиш имконига эга эмас ва бу, ўз навбатида, камида 250 млн касаллик ҳолати, 2,2-5 млн ўлим билан туговчи ҳолатларга олиб келади. Шу билан бирга, суғорилувчи ерларнинг 20 фоизи ёмонлашади, шўрланади ва фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келади.

Аҳолининг сув ресурсларига оид билимини ошириш "Ўзбекистонда Орол денгизи мисолида сувдан нооқилона фойдаланишнинг фожиавий оқибатларига янада яққол гувоҳ бўлиш мумкин. Келгуси авлод олдида Орол фожиаси инсон аралашуви натижаси экани ва фақат шу қўллар билангина "6-мақсад: тоза сув ва санитария барча учун" дастури ижросига эришиш мумкинлигини ёддан чиқармаслигимиз керак", - деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ушбу мақсадларга эришиш учун аҳоли, ёшлар ва ҳукуматнинг сувдан оқилона фойдаланишга доир билимларини ошириш зарур. Бу йўналишда замонавий технологияларни қўллаш лозим. Муаммолар ечимига фуқаролик жамиятини жалб қилиш ва рағбатлантириш, аҳолини сувга нисбатан маданиятли ва эҳтиёткорона муносабатда бўлишни ўргатиш керак. Сувдан ҳамма фойдалана олиши ва асраш учун нима қилиш кераклигига оид маълумотлар билан бўлишиш муҳим. БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликдан хурсанд экани ва ушбу мақсадга етишиш келгуси авлод учун жуда муҳимлиги қайд этилди.