Махсус иқтисодий зона давлатнинг бошқа ҳудудига нисбатан алоҳида мақомга эга ривожланиш макони ҳисобланади. Унинг ҳудудида иш бошлаган инвесторга солиқ ва бож имтиёзлари тақдим этилади. Бундай ҳудудларни ташкил этишдан мақсад давлатнинг айрим ҳудудларини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш ёки алоҳида соҳага бўлган муносабатни ўзгартиришдан иборат. Ўзбекистонда ҳам махсус иқтисодий зоналар шу зайлда кўпая бошлади.

«Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилдаги илк фармонларидан бири махсус иқтисодий зоналар таҳлили, уларнинг иш фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилганди», — дейди Сенат қўмитаси раиси Равшан Алимов.
2020 йил 1 январда кучга кирган амалдаги Солиқ кодексига мувофиқ, махсус иқтисодий зона иштирокчилари бўлмиш инвесторларга тақдим этилган кўплаб имтиёзлар бекор қилинди. Бунга ҳукуматнинг зоналарни истиқболсиз лойиҳа сифатида кўриши сабаб бўлди. Имтиёзлар бўлмас экан, зоналарнинг жозибадорлиги ҳам йўқола бошлади.
«Бир ёқадан бош чиқариб, тезкор чоралар кўрилмаса, махсус иқтисодий зоналар фаолиятининг самарадорлиги савол остида қоляпти. Бугунги кунда бундай зоналар нима сабабдан давлат раҳбари белгилаган жозибадорликка эриша олмаяпти? Шу саволга жавоб топиб, тегишли чоралар кўрмасак, менимча, бундай зоналар ҳақида сўз юритиш қийин бўлиб қолади», — дея қайд этди Алимов.

16 ноябрь куни ўтказилган Сенатнинг тегишли қўмитаси йиғилишида бу масала муҳокамага қўйилди. Сенаторлар масалани ўрганиб, соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг айрим бандларида қарама-қаршилик ва номувофиқликлар борлиги, улар давлат органлари томонидан турлича талқин этилаётгани кузатиляпти, деган хулосага келишган.
«Ҳар бир махсус иқтисодий зоналарда ривожланишнинг узоқ муддатли стратегияси мавжуд эмас. Бундан ташқари, зоналарда бошқарув тизими етарлича самара бермайди ва инвестицион лойиҳаларни танлаб олишга масъул орган, яъни маъмурий кенгаш томонидан инвестиция талабларини кўриб чиқиш муддатлари чўзилиб кетяпти. Натижада махсус иқтисодий зоналар дирекцияларининг маъмурий имкониятлари чекланмоқда», — дея фикр билдирди сенатор Анвар Тўйчиев.
















