Light | 19:25 / 27.05.2019
144160
17 дақиқада ўқилади

«15 соатлик иш куни, корейс ошхонаси ва ўзбек шоввозлари». Корея орзусининг иккинчи томони

Kun.uz`нинг Жанубий Кореядаги мухбири Элдор Воҳидов «Корея кундалиги» рукнидаги навбатдаги мақоласида ушбу мамлакатда яшаб меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар турмуши ҳақида ҳикоя қилади.

«Кореядан пул жўнатиб турибди». Бу гапни кўп юртдошларимиз тилидан эшитганмиз. Бироқ, ўз тажрибамиздан хулоса қилиб таъкидлашни истардикки, шундай дегувчиларнинг барчаси ҳам жўнатилаётган пуллар қай тариқа ишлаб топилаётгани ҳақида тўғри тасаввурга эга эмас.

Жанубий Корея 16 давлатдан қонуний меҳнат муҳожирларини қабул қилади. Рўйхатда Ўзбекистон ҳам бор. Шу боисдан бу юртга қонуний ишлаш учун йўл олган ватандошларимиз талайгина. Улар орасида хорижий тилларни яхши ўзлаштирган, шинамгина офисларда ўз жойини топганлари оз эмас. Мазкур мақолада эса оғир меҳнатда тобланаётган, рўзғор тебратаман деб ўзини ўтга-чўғга уриб юрган заҳматкаш ўзбек муҳожирлари ҳаётига эътибор қаратдик.

Жанубий Кореядаги ҳамюртларимиз орасида энг кенг тарқалган иш турларини танлаб олдик ва улар билан елкама-елка меҳнат қилишга бел боғладик.

«Текпе»даги саргузаштлар ёхуд асрга татигулик тун

Ишни айнан «текпе» (почта хизмати)дан бошлашимизга сабаб бу ўзбекистонлик талаба ёшлар орасида энг оммабоп меҳнат туридир. Ўқишга халал қилмайди. Иш асосан тунда, шу сабабли дарсдан кейин тонггача ишлаш мумкин. Кунбай меҳнат сирасига киради.

Кечки соат 5ларда Кореядаги энг катта логистика марказларидан бири, «Lotte» почта хизмати омборига етиб келдик. «Сажангним» (хўжайин) бирин-кетин йигитларга вазифасини бўлиб берди. Тахминан ярим соатларда иш бошланди.

Талаб қилинган асосий вазифа – йирик юк машиналарида олиб келинган юкларни тушириш. Юкларни аниқ таърифлаш мушкул, турли-туман вазн ва шаклга эга. Бир юк машинасини бўшатиш учун 5 киши тахминан 1 соат вақт сарфлайди.

«Палли-палли»

Дастлаб эътиборимизни тортган жиҳат ҳар 3-4 кишига маҳаллий аҳоли вакили бошлиқ этиб тайинланиши ва бошлиқ қўли остидагиларга дағал муомала қилиши бўлди.

Корейсларнинг энг ёқтирган сўзи – бу «палли-палли» (тез-тез). Овқатланишда, кундалик турмушда ва албатта, энг асосийси иш мобайнида ҳам тез-тез ҳаракат қилиш кераклиги доим уқтириб турилади.

Бажариш лозим бўлган вазифани қисқача тушунтираман. Икки киши машиналардан юкни туширади, бошқа икки ишчи қутиларнинг маълумот ёзилган биркасини юқори томонга тўғрилаб қўяди. Автомат тарзда ишлайдиган махсус эскалатор юкларни бирма-бир сканердан ўтказади. Ёки бунинг акси, омбордаги юкларни машиналарга ортиш талаб этилади. «Катталар»нинг хоҳишига биноан, вақти-вақти билан позиция ўзгариб туради.

Ҳар 4 соатда бериладиган 20 дақиқалик танаффусни айтмаса, нафас олишга ҳам рухсат йўқ: «Ишла ва тез-тез ишла!»

«Бургер-брейк» бироз нафас ростлаш учун айни муддао бўлди. Шукр, биз борган жойда мусулмон ишчиларга, одатдагидан фарқли ўлароқ, махсус товуқ гўштли бургер тарқатишар экан. Тунги нонушта пайти эса овқатлар асосан чўчқа маҳсулотлари билан тўйинтирилган. «밥» (қайнатилган гуруч) - биз истеъмол қилишимиз мумкин бўлган ягона таом эди.

Хуллас, ишнинг энди ярми ортда қолган, биз эса ҳолдан тойишга улгургандик. Пешонадан чиққан тер дақиқа қадрини англатаётгандек эди гўё. «Мен Кореяга бунинг учун келмаганман» - шундай нидо келиб қочиб қолгингиз келадику-я, лекин бошқалардан ҳаё қиласиз. Бироз тажрибаси борлар таскин берган бўлади: «Чиданг, эвазига 100 доллар тўлашади».

Баъзида бошлиқларнинг муносабати сабр косани тўлдиргудек бўлади. Айни шу омил кўп жанжалларга сабаб бўлар экан.

15 соатлик меҳнатдан сўнг, эрталаб чамаси соат 9ларда ишни тугатиб, хизматимиз эвазига 90 доллар олиб қайтарканмиз, ўзимга ўзим сўз берган бўлдим: «Бошқа бундай ишга қадам босмайман!»

«집에 가, 일 없어» (Уйингга бор, иш йўқ). «Арбайт самушил» орқали бир кунлик ишлар

Деярли ҳамма ҳудудларда ишга тақсимлаш билан шуғулланувчи фирмаларни учратиш мумкин. Қўпол қилиб айтганда, бу бизнинг мардикор бозорни ёдга солади, лекин тартибли, замонавий услубда ташкил этилган. Кимгадир ишчи керак бўлса, шу фирмалар билан боғланади ва қанча ишчи кераклиги, бажарилиши зарур бўлган юмушни тушунтирган ҳолда буюртма беради. Шу тариқа етарлича иш ўринлари йиғилади.

Бу каби фирмаларга завод ишчилари шанба-якшанба кунлари, талабалар эса дарслардан бўш вақтларда мурожаат қилади. Баъзилар эса доимий меҳнат имконияти сифатида ҳам қабул қилади. Лекин муаммо шундаки, узлуксиз иш билан таъминланишнинг имкони йўқ.

Иш топишнинг бу йўли билан ҳам танишиш учун рюкзакка охори тўкилган кийимларни жойлаб, эрта тонг соат 5дан «Арбайт самушил» (Кунбай иш берувчи офис) томон йўлга отландик.

Метрога тушаркансиз, одам кўплигидан ҳайратланасиз: тонг саҳар бўлишига қарамай, тумонат одам жамоат транспортларида қаергадир шошиб кетмоқда.

Кунбай иш офисида бизсиз ҳам «базм-у жамшид» авжида. Турли миллат вакилларини учратиш мумкин: корейслар, вьетнамликлар, хитойликлар, бангладешликлар, қозоқлар, тожиклар ва ўзбеклар...

«Сажангним» (хўжайин) деганлари бир деганда иш беравермас экан. Биринчи кун иш насиб қилмади – йўлкирага куйиб, уйга қуруқ қўл билан қайтдик. Дастлаб телефон рақамингиз, машинангиз бор ёки йўқлигини сўраб олгач, ўзимиз алоқага чиқамиз, деб қутулишар экан. Агар хабар беришларини кутсангиз, ишсиз қоласиз.

Бир ҳафта давомида бошлиқдан «Чибе ка, ил опсо - уйингга бор, иш йўқ» сўзларини эшитишимизга тўғри келди. Ва ниҳоят иш берувчи бизга ҳам буюртмалар ажрата бошлади. Қуйида кунбай ишларнинг турлари ва вазифалари ҳақида тўхталамиз.

Контейнерлар юрти

Ишлаб чиқариш ва савдо-сотиқ ривожланган давлатда контейнерларнинг узвий алмашинуви одатий ҳол.

Баъзи логистик фирмалар доимий ишчилар билан кифояланса, айримлари кунбай тизимни маъқул кўради. Хуллас, насиба қўшилиб, контейнерларда Вьетнамдан келтирилган 60 килограммлик кофе маҳсулотларини тушириш топширилди.

Икки киши баҳолиқудрат тушликка қадар шу иш билан банд бўлдик. Тушликдан сўнг эса Колумбия ва Бразилияда етиштирилган кофе маҳсулотлари жойланган 70 килолик қопларни юк машиналарига жойладик. Хизмат ҳақи –70 доллар.

Боғдорчилик

Навбатдаги йўналиш отлар пойгаси ўтказиладиган кўнгилочар маскан томон бўлди.

Теварак-атрофда ажойиб муҳит ҳукмрон. Табиий ва сунъий гўзаллик уйғунлигини кўриш мумкин. Безакларида асосан отлар тасвирларидан фойдаланилган йўлаклар орқали боғга кирдик. Вазифамиз оддий – чиройли дарахтларни тунда янада гўзал тусга киритишга хизмат қилувчи мусиқа чироқларини бўшатишдан иборат.

Фойдаланишга ҳали яроқли чироқларни ҳам кесиб олиб, чиқиндига ташладик. Катта эҳтимол билан янги мавсумга ўзгача услубда декорация ишлари олиб борилса керак, буёғи билан қизиқиб кўрмадик. Хизмат ҳақи – 80 доллар.

Қурилиш

Галдаги манзил – тоғли ҳудудлардан биридаги сайёҳлик маскани. Қурилиш давом этяпти, бизнинг ишимиз эса қурувчиларга халал бераётган қолдиқларни тозалаш ва олиб келинган айрим хом ашё материалларни жойлашдан иборат бўлди.

Нонушта, чошгоҳ ва тушлик ўз вақтида. Агар корейс миллий таомлари мухлиси бўлсангиз, муаммо йўқ. Лекин бизга қийинчилик туғдиргани овқат масаласи бўлди. Хизмат ҳақи –70 доллар.

Хуллас, «Арбайт» меҳнати сизни универсал ишчи қилиб тарбиялайди. Ҳар куни турли ҳунарлар эгасига айланасиз, янгидан янги ҳамкасблар билан ишлашга тўғри келади.

Энг оғир ишлар топ-учлигидан жой олган меҳнат тури – «Кўрпа»

Ватандошларимиз билан суҳбатлашиб, ишларнинг оғирлик даражасига қараб ўрин тутиши, маоши шунга яраша бўлишини янада яхшироқ тушуниб олдик. Мавсумий ишлар норасмий тарзда табақалаб чиқилганига гувоҳ бўлдик. Дала меҳнати саналган тарвуз, пиёз каби энг оғир ишлар рўйхатига «кўрпа»ни ҳам киритишар экан.

Бежиз бундай номланмаган, «кўрпа» – барчамиз билган, тўшаладиган кўрпа билан боғлиқ. Кузда Корея бўйлаб минглаб иссиқхоналарда қовун экилади ва иссиқхонада ҳароратни сунъий кўтариш учун экин устига дастлаб клёнка, сўнг ўртача қалинликда 2 қаватдан 4 қаватгача кўрпа тўшалади.

Бажарилиши лозим бўлган вазифа эса шу кўрпаларни олиб чиқиш ва ўраб боғлашдан иборат.

Кундузи иссиқхона ичкарисида ҳаво ҳарорати 2-3 баробар ошиб кетиши сабабли иш тунда бажарилади. Иш вақти – соат 17:00дан 08:00гача этиб белгиланган.

Шароит ҳавас қилгулик эмас. Қоронғида жавлон уришга тўғри келади. Ёмғир ва кундузи иссиқхона деворлари терлаши ҳисобига кўрпалар сувни анчагина шимиб олган ва вазни 10-20 баравар ортган. Хавфсизликка кафолат йўқ: ҳар хил зарарли ҳашаротлардан ҳимояланиб, ишлаш керак.

Кўрпалар сувга тўйинавериб жуда оғир бўлиб кетган, айримлари белга очиқчасига «душманлик» қила бошлади.

Кечки соат 10ларга яқин «етиб келдик» – бригадамиз вакилларининг оёғидан сув ўтиб кетди, чанқоқ босишга ичимлик суви йўқлиги ва тажрибасизлик ишни келишилган вақтдан илгари тўхтатишимизга сабаб бўлди. Табиийки, хизматимиз эвазига бир тийин ҳам тўлашмади. Ҳолбуки, ўз ҳисобимиз бўйича ҳар биримиз 30 долларлик иш бажаргандик.

Айтишларича, жамоасида бақувват-бақувват йигитлари бор бригада бундай ишга киришадиган бўлса, киши бошига 200 доллардан 400 долларгача ишлаб олиши мумкин экан.

Доимий ишлар. Завод ва фабрикалар

Буёқ ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводнинг кичикроқ бўлими. Асосий вазифа – бўёқ тайёрланадиган катта-кичик қозонларни бўёқ қолдиқларидан тозалаб ювиш.

Ростини айтсам, иш деярли қийин эмас, киши ярим кучи билан ишлайди. Лекин бўёқ ва кислоталарнинг зарарли, таъбир жоиз бўлса заҳарли ҳиди бошни гангитиб қўяди. Шунинг учун бўлса керак, махсус қўлқоплар ва ниқоб берилади.

«Дуч келган киши ишлаб кета олмайди. Бир кунда бўшаб, қайтиб кетганлар кўп бўлди. Заҳарли ислар ўпкага салбий таъсир кўрсатади. Кислота танага тегса, зарарли оқибатларга олиб келиши мумкин», – дейди ишчилардан бири. Ойлик маош – 2300 доллар.

Темир қуйиш заводи

Металлга ишлов бериш, уни эритиш ва қуйишга мўлжалланган улкан печлар орасида ишлаш талаб қилинади. Қишда балки сезилмас, аммо ёз кунларида бу завод ичида бўлишнинг ўзи – катта машаққат. Ҳар томондан лавадек қизиб турган темир бўлаклар манзилдан манзилга олиб борилади, керакли шаклга келтирилади.

«Жаҳаннамнинг ўзгинаси», – деб таърифлашар экан. Ойлик маош: 3000-3700 доллар.

Айрим заводларда ажойиб одатлар бор. Тушлик учун ажратилган 1 соатлик танаффус пайтида ишчилар овқатланишдан ташқари бадминтон билан ҳам шуғулланиб туришади. Бу – чигалёзди машқи, меҳнат унумдорлигини оширишга ёрдам беради.

Анжона (안전화) - ишчилар учун махсус оёқ кийим. Юқори ва пастки қисми металдан ишланган. Бундай пойабзалсиз ишга қабул қилинмайсиз. Хавфсизлик қоидаларига эътибор кучли – деярли ҳамма қурилиш, дала ва кўча ишлари қўлқоп, ниқоб ва махсус оёқ кийимлари билан бажарилади.

Ўзбек ошхонаси

Жанубий Кореяда Ўзбекистонни ҳис этишнинг энг яхши йўли – миллий таомлар ресторанида ишлаш бўлса ажаб эмас. Мижозларнинг кўпчилиги ватандошлар. Ўша биз ўрганган таъмдаги озиқ-овқатлар.

Бу ерда ўзбек ошхонаси ва ҳалол ошхона ўртасида фарқ борлигини осон сезиш мумкин. «Халқлар дўстлиги» ошхонасида ошпаз-шашликчи бўлиб ишлаб кўрдик. Спиртли ичимликлар тақиқланган.

Лавозимингиз ошпаз бўлса ҳам, кичик ошхона бўлгани боис барча вазифалар зиммангизда бўлади. Ойлик маош - 1000-1500 доллар.

«Ўзбекча» товламачилик

Минг афсуслар бўлсинки, мусофирчиликда ҳалол меҳнат қилиб оила боқаман деб юрган ватандошларимизнинг ҳақларига кўз олайтирган ғаламислар оз эмас экан. Ижтимоий тармоқларда огоҳлантирув постлари бериб борилишига қарамай, баъзида уларнинг ҳам кетмони учиб туради.

Ким алдайди? Қандай қилиб? Бегона эмас, тилни яхши ўзлаштирган, Кореяда юриб тажриба орттирган ўзимизнинг «шоввозлар». Юртдошларимизни ишга жойлаштириш эвазига 200-300 доллар миқдорида хизмат ҳақи талаб қилишади.

Ўйлашингиз мумкин: бу каби рекрутинглик замонавий касблардан саналади. Лекин масала бошқа ерда. Бир иш ўрнига 3-4 кишидан хизмат ҳақи олинар экан. Баъзида эса ўта хатарли, яна баъзан умуман мавжуд бўлмаган ишларга жойлаштириб, олдиндан пул талаб этилади. 

Саноқли кунларга ишга таклиф этишади, хизмат ҳақини келаси ҳафтада пластик карточкага ташлаб бериш ваъдаси билан меҳнатингиздан фойдаланишга уринишади. Ишсиз юрганлар, пулга зарурияти бор талабаларни чув туширишади.

Бу каби товламачилик бир марталик зарар келтирса, яна бир тури бор эканки, ундан ишга жойлашганингиздан кейин ҳам қутулишнинг иложи йўқ. Бу жараёнда кишига панд берувчи омил – тилни билмаслик. Товламачилар ишга жойлаштиради, ойликни иш берувчи эмас, шахсан ўзи таъминлашини айтади, лекин ҳар ой бировнинг ҳақидан маълум бир миқдорда ўз нафси йўлида уриб қолади.

Заҳматкаш меҳнаткашлар кимлар?

Юқорида санаб ўтилган меҳнат турларида ишлаётган ўзбекистонлик ишчилар қайси қатлам вакиллари эканига қизиқдик. Шуниси ҳайратланарлики, кузатувларимизга кўра, олий маълумотлилар, талабалар, яхши ҳунарни эгаллаган ватандошлар уларнинг аксариятини ташкил этади. Кимдир уй битириш, бошқаси оила ташвиши билан, ёшлар эса бизнес бошлаш пайида мана шундай қора меҳнатга рози бўлиб ишлаб келмоқда.

Қуйида ўз шахси ошкор бўлишини истамаган юртдошларимизнинг фикрлари билан ўртоқлашамиз.

«Ўзбекистонда бухгалтерия соҳасида фаолият юритар эдим. Турмуш ўртоғим магистратурага қабул қилингач, бирга Кореяга келдик. Тирикчилик, уй-жой ва тадбиркорлик бошлаш мақсадида... »

Олий маълумотли бухгалтер

«Мақсадим корейс тилини ўрганиш бўлмаган. Ватанда муқобил иш топа олмадим, ўқиш ўхшамади. Ҳозир ҳам ишлаб, ҳам ўқияпман. Топган пулим асосан контракт тўлашга кетади»

Тил курси орқали келган ўқувчи

«Бакалаврни битириб, Кореяда магистратура босқичида ўқишни давом эттиряпман. Ҳафтасига икки кун ўқиш, қолган пайтларда ишлаб молиявий аҳволни яхшилаб олиш имконияти бор. Контрактни тўлаш ҳам, уйга ёрдам пули чиқариш ҳам насиб этяпти, Аллоҳга шукр»

Магистратура талабаси

 «Заводда ишлаяпмиз. Асосий машғулотимиз – меҳнат қилиш, пул топиш ва уйга жўнатиш. Оилани олиб келишга рухсат йўқ, фарзандларимни соғинаман. Биз каби ишлаш мақсадида келганларнинг асосий муаммоси шу»

E-9 виза вакили

Хулоса: Бу – хобби эмас!

Сўнгги сўз ўрнида айтиш мумкинки, ҳеч бир инсон бу каби меҳнат ва муносабатга хобби сифатида рози бўлмайди. Фақат мажбурликдан, эртанги куни бугунидан яхшироқ бўлишига умид боғлаб бажараётганини тушунамиз.

Ҳурматли ўқувчи, юқоридаги воқелик билан танишиб, юзаки таҳлил қилган ҳолда, хулоса чиқаришга шошилмасликни сўраган бўлар эдик.

Кўнгилдагидек фаолият юритаётган ватандошлар қатори, оғир ва хавфли меҳнат шароитларида бир қўлидан айрилган, танасига шикаст етган, иммунитетини йўқотиб, турли касалликлар орттириб олган ҳамюртларимизни ҳам учратдик. Ўз яқинини ватанга жонсиз жўнатган юртдошлар фарёдига гувоҳ бўлдик. 

Кореяда ишлашнинг ҳавас қилиб бўлмайдиган иккинчи томони ҳам мавжудлиги – аччиқ бўлса-да, айни ҳақиқат.

Бу каби оғриқли мавзуларни «Корея кундалиги»нинг навбатдаги мақолаларида баҳолиқудрат ёритишга ҳаракат қиламиз.

Элдор Воҳидов,
Kun.uz`нинг Жанубий Кореядаги мухбири.

Мавзуга оид