Жаҳон | 20:28 / 28.05.2019
5110
2 дақиқада ўқилади

Британия бош вазирлигига номзодлардан бири 3 млн нафар ЕИ фуқаросига паспорт бепул берилишини ваъда қилди

Фото: Getty Images /Christopher Furlong

Буюк Британия атроф-муҳит, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш вазири Майкл Гоув агарда бош вазир бўлса, 2016 йилги ЕИдан чиқиш бўйича референдум ўтказилган вақтда Бирлашган Қироллик ҳудудида яшаган 3 млн нафар Евроиттифоқ фуқароларига Британия паспорти бепул берилишини ваъда қилди. Бу ҳақда "Скай ньюс" телеканали ўз манбасига таяниб хабар берди.

Телеканалнинг маълумотига кўра, бугунги кунда Британия фуқаролигини олиш 1330 фунт стерлингга (1,7 минг доллар атрофида) тушади.

ЕИ давлатлари, Европа иқтисодий ҳудудига аъзо давлатлар ва Швейцария фуқаролари Бирлашган Қироллик ҳудудида беш йил яшаганидан сўнг "доимий резидент" мақомига эга бўлган бўлса, Британия фуқаролиги олиш учун мурожаат қилишлари мумкин. даъвогар 18 ёшдан катта бўлиши, инглиз тили ҳамда Буюк Британия тарихи ва маданиятини билиши лозим.  

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй 7 июнь куни консерватив партия раҳбарлигидан кетишини эълон қилди. Уни истеъфога чиқишга Мэй тақдим қилган «Брекзит» бўйича ЕИ билан келишувдан норози бўлган партиядошлари, хусусан Вазирлар Маҳкамаси аъзолари мажбур қилишди. Бу эса Тереза Мэй мамлакат бош вазирлигидан ҳам кетиши кераклигини билдиради.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид