Жамият | 11:52 / 29.05.2019
3050
2 дақиқада ўқилади

Мудофаа вазирлиги Тошкентда болалар учун ўтказиладиган байрам томошаларига таклиф этмоқда

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан пойтахтимиздаги истироҳат боғларида “Фарзандларимизга бахтли болаликни улашайлик” акцияси доирасида кўнгилочар тадбирлар ва байрам томошалари намойиш этилади. 

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 1 июнь куни соат 10.00 да Мудофаа вазирлиги томонидан қуйидаги истироҳат боғларида байрам тадбирлари намойиш этилади: 

1. Мирзо Улуғбек туманидаги “Мирзо Улуғбек” истироҳат боғи;
2. Шайхонтоҳур туманидаги “Анҳор-Локомотив” истироҳат боғи;
3. Чилонзор туманидаги “Ғофур Ғулом” истироҳат боғи. 

Байрам тадбирлари давомида болажонлар ва таниқли спорт усталари ўртасида турли беллашув ва мусобақалар ўтказилади, мусиқа, рассомчилик бўйича истеъдодлилар аниқланиб, уларга эсдалик совғалари топширилади, ва албатта, курсантларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилади.

Шунингдек, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳарбий оркестрлари ўзларининг тантанавор чиқишлари билан йиғилганларга аъло кайфият улашиши режалаштирилган.

Яна бир муҳим совға — “Турон” ҳарбий-театр студияси болажонларга мўлжалланган саҳна кўринишлари билан куннинг унутилмас тарзда ўтишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид