Ўзбекистон | 12:25 / 30.05.2019
13412
3 дақиқада ўқилади

Депутатлар «Ўзстандарт» ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига пальма ёғи бўйича сўров юборди

Фото: Shutterstock

Қуйи палата депутатлари тегишли қўмита билан биргаликда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан тайёрланган турли маҳсулотларнинг сифати, хусусан, пальма ёғининг инсон организмига таъсири юзасидан ҳар томонлама ўрганишлар ўтказиш, бу борада тегишли идораларга сўров юбориш ҳамда мазкур масалани парламент назоратига амалга оширишга киришди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан мазкур масалага ойдинлик киритиб, уни чуқур ўрганиш мақсадида 2019 йил 29 май куни “Ўзстандарт” агентлигига пальма ёғининг ишлатилишини тартибга солувчи стандартлар, таркибида пальма ёғи бўлган маҳсулотларнинг турлари, уларнинг жаҳон стандартларига мос келиши ҳамда амалиётда учраётган муаммолар тўғрисида, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигига пальма ёғининг инсон организмига таъсири, унинг ижобий ёки салбий хусусиятлари, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналишида олиб борилаётган ишларнинг ҳолати, ривожланган давлатларнинг бу борадаги тажрибаси ҳақида маълумотлар тақдим этиш юзасидан сўров юборилди.

Парламент назоратини таъминлаш юзасидан тегишли идоралардан ҳам мамлакатимизга хорижий давлатлардан кириб келаётган пальма ёғининг йиллик ҳажми, тури, қайси давлатлардан ва қандай мақсадда импорт қилинаётгани ҳақида маълумот бериш сўралди.

2017 йилнинг май ойида Европа озиқ-овқат стандартлари ва хавфсизлиги ташкилоти озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилаётган пальма ёғи таркибида канцероген моддалар аниқланганини маълум қилди. Бунда қандолат, хусусан, шоколад тайёрлашда кенг фойдаланилаётган пальма ёғи 200 даражадан юқори иссиқликда қиздирилганда ундан глицидил моддасига эга ёғли эфир кислотаси ажралиб чиққани кузатилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, бу кислота генотоксик ёки канцероген модда бўлиб, саратонни келтириб чиқаради ва хасталикни авж олдиради. Натижада бу ёғ саратон хасталиги тўқималари кўпайишига ва тананинг бошқа ерига кўчиб ўтишига ёрдамлашади. Айниқса, бундай моддалар организми нимжон болалар саломатлиги учун жуда хавфли.

Бугунги кунда парламент Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан озиқ-овқат хавфсизлигига оид турли масалалар, хусусан, халқимиз соғлигига путур етказадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни назоратга олиш ёки уларни импорт қилишга қарши курашиш мақсадида амалдаги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ишлари бошлаб юборилди. Ўтказилган сўров ва ўрганишлар асосида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, тегишли хулоса ва қарорлар қабул қилинади. Натижада депутатларнинг соҳани тартибга солиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли парламент назорати ўрнатилишига асос бўлади, дейилади хабарда.

Мавзуга оид