Колумбия Университетининг Барқарор ривожланиш маркази директори Жеффри Дэвид Сакс Ўзбекистонга ташрифи давомида бош вазир ўринбосари Aзиз Aбдуҳакимов билан учрашди. Мазкур учрашувдан сўнг Kun.uz мухбири билан бўлиб ўтган суҳбатда у Ўзбекистоннинг иқтисодий жиҳатдан юксалишига тўсиқ бўлаётган омиллар, AҚШ ҳамда Хитой ўртасидаги савдо урушининг Ўзбекистонга таъсири, Самарқанддаги Ипак йўли университетининг муваффақиятлари ва бошқалар тўғрисида ўз фикрларини билдирди.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
— Сизнинг Вестминстер халқаро университетига ташриф буюрганингиз ва айрим ҳукумат раҳбарлари билан учрашувлар ўтказганингиз ҳақида эшитдик. Мансабдор шахслар билан ўтказган музокараларингиз ва Вестминстер университетида қилган маърузангиз ҳақида қисқача маълумот берсангиз.
— Барқарор ривожланишга эришиш масаласи долзарблиги ҳеч кимга сир эмас. Иқтисодий ривожланиш айни вақтда ижтимоий ва экологик жиҳатдан барқарорликни англатади. Мен бу ерда БМТнинг мамлакатингиздаги расмий вакиллари, Вестминстер халқаро университети ўқитувчилари ва талабалари, шу билан бир қаторда юқори лавозимли амалдорлар билан ҳам музокаралар ўтказдим. Шуни айтиб ўтишим керакки, Ўзбекистоннинг улкан салоҳиятга эгалигига тўлиқ ишонаман. Чунки, бугунги кунда Евроосиё бўйлаб алоқалар ўрнатилишига катта қизиқиш ортиб бормоқда ва минтақа марказида жойлашган Ўзбекистон шарқдаги, ғарбдаги, шимолдаги ва жанубдаги давлатларнинг барчаси билан ўзаро мустаҳкам алоқаларга эга. Ҳозирга келиб давлатингиз Яқин Шарқ, Хитой, Россия ҳамда Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳам икки томонлама муносабатларни ривожлантирмоқда. Бу эса жуда қувонарли ҳолат. Aгар ушбу минтақада тинчлик бардавом бўлса ва аҳолининг туб эҳтиёжларига етарлича эътибор қаратилса, мамлакатингизда катта натижаларга эришиш учун улкан салоҳият мавжуд. Бўлиб ўтган учрашувлардаги асосий масалалар айнан шу мавзуларга қаратилди.

—AҚШ ва Хитой ўртасидаги иқтисодий уруш бошқа мамлакатларга, шу жумладан, Ўзбекистонга таъсир кўрсатади деб ўйлайсизми?


















