– Ҳамюртларимиз Artel номини турлича изоҳлашади. Ўзи Artel атамаси нимани англатади? Дастлаб шу ҳақда маълумот берсангиз.

– Албатта, кўпчилик ўзимиздан ҳам сўрашади. Бизнинг гуруҳимизда ёзилмаган бир қоида бор ва барча лойиҳаларимизда унга риоя килишга интиламиз: «Бир иш қилсанг – уни маҳорат, яъни санъат даражасига олиб чиқ». Шунинг учун Artel инглизча Art (cанъат) ва electronics (электроника) сўзлари бирикмасидан ҳосил бўлиб, Artel, яъни электроникадаги санъат маъносини англатади.

– Нега айнан электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқдасиз?

– Электротехника саноати умуман олганда, бошқа саноат тармоқларига нисбатан ёш ҳисобланади ва бугунги кунда олдида жуда катта истиқболлар мавжуд. Авваллари, кундалик ҳаётимизда ишлатиладиган маиший техника воситаларининг деярли барчаси четдан келар эди ва маҳаллий бозордаги талаб импорт маҳсулотлар ҳисобига қондириларди. Аҳоли сонининг ортиб бориши ва маиший техникага талабнинг кўпайиши, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан таклифнинг етарли даражада эмаслиги бизга айни соҳада иш бошлашга асосий турткилардан бўлди.

Ёши катта ҳамюртларимиз эсласа керак: яқин ўтмишда саноқли хонадонларда телевизор бўлган. Телевизори бор хонадон бошқаларга нисбатан тўқ, давлатманд ҳисобланган. Айнан маиший техника воситалари ҳам аҳоли яшаш турмуш даражаси кўрсаткичини белгиловчи омиллардан бири ҳисобланган. Негаки техника ишларимизни енгиллаштириб, қулайлик яратади. Ҳозирги даврда ҳар бир хонадонда иккита ва ундан ортиқ телевизорлар бор.

Бугунги кунга келиб эса, республикамизда маиший техниканинг йигирмага яқин тури маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилмоқда, бундан ташқари қўшни давлатларга экспорт ҳам қилинмоқда. Ҳали бу соҳада фойдаланилмаган имкониятлар ҳам кўп, шунга қарамай жаҳон бозорида жуда катта рақобат бор. Бу эса ҳали ўз устимизда кўпроқ ишлашимиз керак эканини англатади.

– Корхоналарингизнинг ишлаб чиқариш қуввати ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Ҳозирги кунда Artel савдо белгиси остида, бир кунда ўртача 15 000 дона турли хилдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади. Йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати 4,5 млн. дона маҳсулотга тенгдир. Масалан, биргина кондиционерларнинг 42 хилдаги модели ишлаб чиқарилади. Истеъмолчилар талабидан келиб чиқиб, совуткичларнинг 56 турдаги кўриниши ҳам ишлаб чиқарилади.

– Artel маҳсулотларининг экспорт кўрсаткичлари ва географияси ҳақида маълумот берсангиз. Чунки бу ўйлашимча кўпчиликка қизиқ.