19:10 / 07.06.2019
9300

Сув остида танклар: Чирчиқда курсантлар танклар ёрдамида сув остида ҳаракатланиш машқларини бажаришди 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари жанговар машиналарни ҳайдаш фани доирасида навбатдаги мураккаб амалий машғулотларни ўзлаштирди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Билим юрти дала ўқув майдонида зирҳли техникаларнинг кечувдан ўтиш ва сув остида ҳаракатланиш кўникмаларини мустаҳкамалашга ихтисослашган машқ нуқтаси жойлашган. 

Аввалига ғаввослар гуруҳи машқ бажариладиган сув ҳавзаси тубини кўрикдан ўтказишди. Кечувдан ўтишдан олдин зирҳли техниканинг созлиги ва экипажнинг машғулотни бажариш учун жисмоний ҳолати ва руҳий тайёргарлиги текширилди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Бўлажак офицерлар Т-62 танкида кечувдан ўтиш, сув остида ҳаракатланиш машқини бажарди. Шунингдек, пиёдалар жанговар машиналарида сув юзасида сузиб ўтишни ўзлаштирди. Ушбу ўқув амалиёти зирҳли техникани сувда бошқаришдан ташқари танк экипажининг уюшқоқлик билан ҳаракат қилиши ва руҳий тайёргарлигини мустаҳкамлайди. Яъни уларда мураккаб шароитларга тушиб қолганда тўғри йўл тутиш кўникмаларини шакллантиради.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Танкнинг сувга тушишдан олдин йўналишни тўғри олиши машқни мувафаққиятли якунлашда муҳим ўрин тутади. Машғулот тартибига кўра зирҳли техника кечувга секин туширилади ва сувдан чиққач, юқори тезликда ҳайдаб кетилиши керак. Машқларнинг тўғри ва аниқ бажарилишини машғулот раҳбарлари кузатиб борди. Кун давомида машқлар режада белгиланганидек муваффақиятли бажарилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, шу кунининг ўзида БМП-2 пиёдалар жанговар машинасида ҳам сув юзасида сузиб ўтиш машқлари ўзлаштирилди.

Top