08:47 / 08.06.2019
26244

Жиззахда бозор кўчасидан ўтган машина эгаларидан пул талаб қилган зўравонларга суд ҳукми ўқилди

Иллюстратив фото

Жиззах шаҳрида яшовчи ака-ука Ч.Давидов ва Э.Давидовлар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Улуғбек маҳалласидаги «Кўк бозор» ҳудудида жойлашган Э.Бекмуродов кўчасидан ўтган автомашиналардан ноқонуний равишда пул олиб келади.

«Кўк бозор» ҳудудида тадбиркорлик билан шуғулланувчи Я.Қ.ни ўзига тегишли бўлган «Дамас» русумли автомашинасида Э.Бекмуродов кўчасидан чиқиб кетаётган вақтида Ч.Давидов ундан автомашинаси учун пул беришни сўрайди, Я.Қ. унга нима сабабдан пул бериши кераклигини сўраб, пул бермаслигини айтганида улар ўзаро жанжаллашиб қолишади. Ч.Давидов Я.Қ.ни автомашинадан тушириб, шу ерга етиб келган укаси Э.Давидов билан ҳайдовчининг дуч келган жойига уриб, тепиб, Ч.Давидов қўлидаги пичоқни унга тираб, агар пул бермаса пичоқни қорнига тиқиб олишни айтиб қўрқитади. 

Шунда Я.Қ. Ч.Давидовни итариб юбориши натижаси Ч.Давидовнинг қўлидаги пичоқ Я.Қ.нинг қўлларини тилиб кетади, бу орада Я.Қ.нинг отаси Й.Қ. уларни ажратмоқчи бўлган вақтида Ч.Давидов қўлидаги пичоқ билан унинг ўнг қўли билак соҳасини тилиб юбориб, Й.Қ.га тан жароҳати етказади.

Воқеа жойига етиб келган аҳоли уларни ажратиб, Я.Қ. олган тан жароҳати натижасида воқеа жойига етиб келган тез тиббий ёрдам автомашинасида биринчи ёрдам олиш учун касалхона юборилади.

Ака-ука Ч. ва Э. Давидовларнинг хатти-ҳаракати юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг раиси Р.Орзиқуловнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ЖИБ Жиззах шаҳар суди томонидан Ч.Давидов ва Э.Давидовларга оид жиноят иши қўриб чиқилди.

Судда сўралган судланувчилар, жабрлануви ва гувоҳларнинг тушунтиришлари ва ишда тўпланган далилий ашёлар билан ака-ука Ч. ва Э. Давидовлар «Кўк бозор» ёнида жойлашган Э.Бекмуродов кўчасида кўчани таъмирлаганлигини важ қилиб, ўзбошимчалик билан автомашина эгаларидан пул талаб қилиб келганлиги, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, безорилик қилганлиги ўз тасдиғини топди.

Суднинг ҳукми билан ака-ука Ч.Давидов ва Э.Давидов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмининг «г» бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, Ч.Давидовга 3 йил 6 ой, Э.Давидовга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ч.Давидовнинг Жиззах шаҳар Э.Бекмуродов кўчасига кирган автомашина эгаларидан ўзбошимчалик билан пул олганлик ҳолати маъмурий ҳуқуқбузарлик тариқасида кўриш учун алоҳида ажратилиб, маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш қўзғатиш учун Жиззах шаҳар прокурорига юборилди.

Top