Жаҳон | 19:30 / 12.06.2019
50949
6 дақиқада ўқилади

Султон ўрнига Жўмарт. Қозоғистон энди Тоқаевникими?

Фото: Reuters

Бугун, 12 июнь куни Қозоғистон президентлик сайловларида ғалаба қозонган Қосим-Жўмарт Тоқаевнинг инаугурация маросими ўтказилди. Сайловларда 70,76 фоиз овоз тўплаган Тоқаев Қозоғистон фуқароларига «фаровон ҳаётни ваъда қилиб» онт ичди ва расман мамлакат президентига айланди.

Сенат раиси бўлиб ишлаган Тоқеав мамлакатни 30 йилга яқин вақт мобайнида бошқариб келган Нурсултон Назарбоев шу йилнинг мартида кутилмаганда истеъфога чиқишини эълон қилгач, конституцияга кўра, мамлакат президенти вазифасини бажарувчи бўлганди.

Назарбоевнинг кетиши мамлакатда икки хил кайфият уйғотди. Кўпчилик Элбоши Хавфсизлик кенгаши раҳбарлигида қолгач, унинг шунчаки саҳна ортига ўтиб бошқарувни давом эттиришини тахмин қилган бўлса, кам сонли қозоғистонликлар мамлакатда чинакам ислоҳотлар бошланишига умид қилганди. Аммо ҳукуматга янги қон қуйилишига умид қилганларнинг «тарвузи қўлтиғидан тушди». Илк ташаббуси мамлакат пойтахтини Нурсултон деб ўзгартиришдан иборат бўлган, илк чиқиши Назарбоевни мақташ билан «безатилган» Тоқаев барибир президент бўлди.

Сайлов кампанияси вақтидаёқ Тоқаевнинг президент бўлиш эҳтимоли деярли (аслида деярли сўзини расмиятчилик учунгина қўшдик) аниқ эди. Сайлов яқинлашган сайин бунга ҳеч ким шубҳаланмай ҳам қолди. Сайловда янги номлар, янгича қарашлар ва тенг кураш йўқлигидан норози бўлган одамлар намойишларга чиқишди. Намойишчилар тоқатлари тоқ бўлганини айтишди. Президентлик сайловлари мамлакатдаги норозилик акциялари фонида ўтказилгани рамзий маъно касб этди. Тоқаев сайловларда 70 фоиздан кўпроқ овоз олди ва бу аслида катта фарқ, лекин Назарбоев учун «энг омадсиз» кечган 1999 йилги сайловларда ҳам сайловда қатнашганларнинг 80 фоизи унга овоз беришган.

Тоқаев вақтинча президент бўлиб турганида Қозоғистонга борган давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари Тоқаевдан кейин албатта Назарбоев билан ҳам учрашишди. Масалан, Европа кенгаши раиси Дональд Туск Марказий Осиёга сафари вақтида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонда меҳмон бўлди. Ўзбекистон ва Тожикистонда фақат мамлакат раҳбарлари билан учрашган Туск Қозоғистонда Тоқаевдан ташқари Назарбоев билан ҳам учрашди. Бу эса Назарбоев ҳамон ҳал қилувчи қарорларни қабул қилаётганини кўрсатди. Кўрамиз, Тоқаев расман «тахтга ўтирганидан сўнг» нима бўларкин.

Тоқаев тиббий хизмат ва кичик бизнесни ривожлантирмоқчи эканини айтди. Бундан ташқари, у яна кўплаб ижтимоий ислоҳотлар ҳақида гапирди, лекин Тоқаев президент сифатидаги илк вазифаси оппозицион кайфиятдаги халқни тинчитишдан иборат бўлади.

Фото: GETTY IMAGES

Бу эса унинг режаларини ортга суриши аниқ. Қозоғистонда айни дамда одамларда норозилик кайфияти ҳар қачонгидан юқори.

Соя...

Биринчи президент Назарбоевнинг ваколатлари амалда сақланиб қолган
Фото: GETTY IMAGES

Сиёсатчи Аркадий Дубнов Тоқаев нега президент бўлди деган саволга қизиқ жавоб берди.

«Мамлакатда ижтимоий муаммолар йиғилиб қолди. Уларга кимнидир жавобгар қилиш керак эди ва Тоқаев шу учун келди. Тоқаев «ижтимоий камикадзе» вазифасини бажариши керак. Бу эса Тоқаевнинг шундоғам баланд бўлмаган рейтингини туширади, холос», дея Дубновнинг сўзларини келтирмоқда ВВС.

Экспертнинг айтишича, Тоқаев бежизга ички муаммоларга эътибор беришини бот-бот такрорламаяпти ва бу ташқи сиёсат Назарбоевнинг назоратида қолишини англатади.

Бундан ташқари, Дариға Назарбоеванинг Сенат раиси бўлиб қолиши ҳам кўп нарсани англатади. Қисқаси, Тоқаев президент бўлганидан кейин ҳам Назарбоевнинг соясида қолиши ва фақатгина «де-юро» раҳбарга айланиши ҳақиқатга яқин.

Хитой ва Россия билан муносабатлар

Фото: MIKHAIL METZEL / GETTY IMAGES

Қозоғистоннинг асосий икки ҳамкори Россия ҳамда Хитой ҳисобланади. Бу мамлакатлар билан алоқалар Қозоғистон ташқи сиёсатидаги асосий омиллардан ҳисобланади. Қўшни мамлакатнинг Россия билан алоқалар доим яхши бўлган ва Москва халқаро алоқалар институтини тамомлаган Тоқаев вақтида ҳам бу икки давлат ўртасидаги илиқ алоқалар сақланиб қолиши деярли аниқ.

2014 йилда Россия бошқа бир қўшни мамлакат Украинанинг Қрим вилоятини босиб олгач, Қозоғистонда Россияга нисбатан салбий муносабат шакллана бошлагани бор гап. Чунки Россия Қозоғистон билан ҳам худди Украина билан бўлгани каби яқин муносабатда ва қозоғистонликлар ажойиб кунларнинг бирида ўзларининг ҳам бирорта вилояти қўшни давлат ҳудудига ўтиб кетишидан хавфсираганлари табиий. Шу боис, мамлакатда кирилл алифбосидан воз кечиш каби ҳаракатлар бўлиб турган эрса-да, Россия ракеталари ҳамон Қозоғистон саҳроларидан учмоқда...

Хитой билан алоқаларда эса Қозоғистон президентининг исми-фамилияси муҳим эмас. Бу мамлакатлар ўртасидаги муносабатлари доимгидек Хитой белгилайди ва Тоқаевнинг келиши муносабатлар ўзанига таъсир қилиши қийин. Юқорида таъкидланганидек, бу мамлакатлар билан алоқаларда Қозоғистон томонидан ҳал қилувчи қарорни катта эҳтимол билан Назарбоев қабул қилишда давом этади. Халқ томонидан бўладиган босимга эса Тоқаев дош беришга мажбур бўлади...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Мавзуга оид