Жамият | 17:30 / 13.06.2019
69792
4 дақиқада ўқилади

Видео: Жиззах ва Қашқадарёда ЙПХ инспекторлари калтакланди. Зўравонлар қўлга олинди

Шу ҳафтада ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг икки ҳудудида ЙПХ ходимларига нисбатан куч ишлатилгани тасвирланган видеолар тарқалди. 

Kun.uz мухбири хабар қилишича, Жиззахда зўравон инспектор ва ҳайдовчининг «орасига тушган». 

Маълум қилинишича, мазкур ҳодиса 10 июнь куни соат тахминан 15:00ларда содир бўлган.

«Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори  Жиззах шаҳар Эски шаҳар буюм савдо комплекси рўпараси, Мустақиллик кўчасида қоидабузарлик содир этган «Ваз-2101» русумли, давлат рақами 25 Т932 СА бўлган автомашинани тўхтатиб, ҳайдовчи билан мулоқот  қилаётган бўлган. 

Шу вақтда автомашина ҳайдовчисига алоқаси бўлмаган шахс  Жиззах шаҳар Қассоблик маҳалласида яшовчи И.Н. маст ҳолатда, ҳеч бир сабабсиз, ЙПХ инспекторининг олдига келиб, у томонидан тўхтатилган автомашина ҳайдовчисига «бу ЙҲХБ ҳодимининг мобил камераси йўқ экан, сени тўхтатишга ҳаққи йўқ, бор кетавер» деб айтган. ЙПХ инспектори ушбу фуқарога хизматига халақит бермасликни сўрагач, фуқаро И.Н. ҳеч бир сабабсиз ЙПХ инспекторини ҳар хил сўзлар билан ҳақоратлаб, бош қисмига уриб тан жароҳати етказган», дейилади Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан Kun.uz’га тақдим этилган маълумотида. 

Айни вақтда ҳодиса юзасидан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан суриштирув ишлари ва ИИБ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.

12 июнь куни тарқалган иккинчи видео эса Қашқадарё вилояти ҳудудида олинган. Қашқадарё вилоят ИИБнинг аниқлик киритишича, бу воқеа Қарши шаҳрида юз берган. 

«12 июнь куни соат 11:00ларда Қашқадарё вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими, йўл-патруль хизмати инспектори Б.Б. Қарши-Шаҳрисабз йўлининг 1-километрида йўловчи ташувчи транспорт воситаси тўхтайдиган бекат рўпарасида тўхтаб турган «Дамас» русумли 70 К 064 NA давлат рақамли автомашина ҳайдовчиси Р.Б. томонидан йўл ҳаракати қоидаси бузилгани ҳолатини аниқлаган. 

Инспектор ўзини таништириб автомашина ҳайдовчисидан ҳужжатларни тақдим қилишни сўраганида, фуқаро Р.Б. ҳужжатларни тақдим қилмасдан, ЙҲХБ ходимининг қонуний талабларига бўйсунмасдан қаршилик кўрсатиб, унга қўлидаги ёғоч таёғи билан зарба бериб, тан жароҳати етказган, шундан сўнг воқеа жойидан қочиб кетган», дейилади Қашқадарё вилоят ИИБ маълумотномасида. 

Қарши шаҳар Тиббиёт бирлашмаси шифокорининг маълумотномасига кўра, инспектор тиббий кўрикдан ўтказилиб «ўнг қўл елка қисмида лат ейиши шилинган жароҳати» ва «чап қўл тирсак қисмида лат ейиши шилинган жароҳати» ташхиси қўйилган.

Қарши шаҳар Нарколог шифокори маълумотномасига кўра, инспектор ҳушёр ҳолатда бўлган. Олиб борилган тезкор-қидирув чора-тадбирлари натижасида, фуқаро Р.Б. ушланган.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик), 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноий иш қўзғатилган.  

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид