Спорт | 20:40 / 17.06.2019
50913
3 дақиқада ўқилади

ПФЛга янги раҳбар тайинланди. У 12 йил аввал «келишилган ўйинларни ташкил этгани» учун ҳакамликдан четлатилганди

Собиқ футбол ҳаками Даврон Шоқурбонов Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг янги директори лавозимини эгаллади. Бу маълумотни Tribuna.uz манбаси тасдиқлади.

17 июнь куни ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов иштирокида ўтказилган йиғилишда шу ҳақдаги қарор қабул қилинган.

Даврон Шоқурбонов бу лавозимда бугун истеъфога чиққан Омон Ғофуров ўрнини эгаллади.

Даврон Шоқурбонов

GoSport манбаси маълумотига кўра, мазкур лавозим учун бир йўла уч нафар номзод кўриб чиқилган. Асосий номзодлар қаторида Малайзияда ОФК Мусобақалар ташкил қилиш ва ўтказиш Департаменти Терма жамоалар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаётган Аваз Бердиқулов ҳам бор эди. Аммо Бердиқулов ОФКдаги иши сабаб бу таклифга рад жавобини берган.

Шу боисдан ПФЛ охирги вариант сифатида Даврон Шоқурбонов номзодига тўхтаган.

Айни вақтда 47 ёшда бўлган Даврон Шоқурбонов сўнгги йилларда Тошкентнинг «Бунёдкор» клубида турли лавозимларда фаолият кўрсатиб келаётганди.

Маълумот учун, Шоқурбонов 12 йил муқаддам, 2007 йил июлида Ўзбекистон футболининг ўша вақтдаги раҳбарияти томонидан ҳакамликдан четлатилган. Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан шу муносабат билан эълон қилинган мақолада у «келишилган ўйинларни ташкил этгани» учун четлатилгани қайд этилган.

«ЎФФнинг футбол бўйича мусобақаларини бошқарадиган ҳакам ва инспекторларнинг фаолиятини тартибга солиш, адолатсиз ҳакамликни олдини олиш ва уларга барҳам бериш, шунингдек, ишқибозлар орасида футболнинг нуфузини янада ошириш мақсадида С.Эрматов, Р.Серазиддинов, Г.Имомов, Р.Айтеков, А.Коваленко, Д.Шоқурбонов, Ж.Саидов, З.Қодиров ва Н.Рўзимовлар ЎФФнинг ҳакамлар ва инспекторлар рўйхатидан чиқарилди.

Улар, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, этик ва маънавий меъёрларнинг бузганлиги, жамоаларга ён босганлиги ва уларни қўллаб-қувватлаганлиги, ўз ваколатларини ўзбошимчалик билан оширганлиги, қоидаларнинг қасддан бузилишига йўл қўйгани, шунингдек, жамоалар ўртасидаги «келишилган ўйин»ларни ташкил этганлиги учун муносиб жазоланди», дейилади 2007 йил Ўзбекистон футбол федерацияси сайтида эълон қилинган хабарда.

Мавзуга оид