21:10 / 20.06.2019
16343

Қурилиш вазирлиги: Сергели-5 мавзесидаги янги қурилган уйларнинг ертўласи сувга тўлганидан хабаримиз йўқ

Давлат дастурлари доирасида қурилаётган янги кўп қаватли уйлар сифатига доир саволлар пайдо бўлса, ўша ҳудуддаги қурилиш штабига мурожаат қилиш лозим. 20 июнь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Қурилиш вазирлиги мутасаддилари иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида шундай фикр билдирилди, деб хабар қилмоқда Kun.uz мухбири. 

ОАВ вакилларидан бири, май ойидаги серёғин кунлардан бирида Сергели-5 мавзесида барпо қилинаётган кўп қаватли янги уйлар ертўласи сувга тўлгани, девор сувоқлари ювилиб кетганини қандай изоҳлаш мумкинлиги, вазирликнинг Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан ҳамкорлиги қай даражада экани, уй эгаларига жарималар ажратилиши эҳтимоли хусусида қизиқди. 

«Сергели масаласида. 2017 йилда 6-мавзеда 102та кўп қаватли уйлар қуриб, фойдаланишга топширилди. Инсон яшамоқда, ҳеч қандай савол йўқ. 2018 йилда 120та кўп қаватли уй, 4992та хонадон қурилди. Барча хонадонлар ҳужжат билан топширилган. Сергелидаги янги уйлар қурилиш майдонларидаги ишлар менинг назоратимда. Сиз айтаётган коммунал хўжалиги билан боғлиқ муаммо қаердадир эксплуатация талаблари бузилгани сабабли пайдо бўлгандир. Лекин янги топширилаётган уйларнинг 99,9 фоизида сиз айтган камчилик мавжуд эмас», - деди Қурилиш вазири ўринбосари Козим Тўлаганов.

Бу масалада «Ўзшаҳарқурилишинвест» вакили ҳам изоҳ берар экан, ертўланинг сув тўлишига ўхшаш ҳолатлардан хабари йўқлиги, бу ҳақда мурожаат ҳам келиб тушмаганини билдирар экан, мабодо шундай нохушлик рўй берган бўлса, ёғингарчилик ҳаддан ортиқ давом этгани сабабли пайдо бўлгани эҳтимолини рад этмади. 

Вазирлик мутасаддиси Дилшод Жалолов журналист саволига қўшимча қилар экан, мабодо янги уйларда қурилиш сифати билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлса, шу ердаги қурилиш штабига келиб, мурожаат қилиш зарурлигини таъкидлади. 

«Битган уйларни қурувчилар ташлаб кетди, деган гап-сўзлар бўлмаслиги керак. Улар навбатдаги уйларни қурмоқда. Агарда янги уйларда камчилиги бўлган бўлса, аҳоли ўша штабга чиқиб, бемалол мурожаат қилиши мумкин эди. Сизларда ҳам савол туғилса, штабга борган ҳолда жавоб олса бўлади», - Дилшод Жалолов.

Козим Тўлагановнинг маълум қилишича, бугунги кунда Сергелидаги кўп қаватли уйлар қурилишида 9 минг киши ишламоқда. Бу йил ушбу ҳудудда 200 км кабел ётқизилиши, 50та подстанция қурилиши, 20 км газ қувури тортилиши лозим. Бундан ташқари, 35та газ тақсимлаш нуқталари, 30 км алоқа йўллари барпо этилиши керак. 

Top