Ўзбекистон | 15:10 / 21.06.2019
6430
2 дақиқада ўқилади

Сенат ялпи мажлисида «Туризм тўғрисида»ги қонун маъқулланди

Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлисида янги таҳрирдаги «Туризм тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг юқори палатаси Сенат янги таҳрирдаги «Туризм тўғрисида»ги қонунни қабул қилди.

Қонун билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси туризм соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Қонунда, туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, туризмнинг шакллари ва турлари, туристик индустрияси ва ундаги хизматлар турлари, туристик зоналар ва туристик кластерлар, туризм соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш шартлари, туристик маҳсулотни шакллантириш, тарғиб этиш ва реализация қилишнинг хусусиятлари, шунингдек, туризим соҳаси субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари назарда тутилмоқда.

Мазкур қонун туристик хизмат кўрсатиш, фаолият кўрсатишга доир ҳуқуқий ва институционал базасини шакллантириш, миллий туризм маҳсулотини ички ва жаҳон бозорида тарғиб қилиш, сайёҳлик индустриясини ривожлантириш қулай шарт-шароитларни шакллантиришни мақсад қилган.

Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, ушбу қонун қабул қилишдан аввал сенаторлар ва ҳукумат аъзолари ўртасида баҳс-мунозаралар бўлиб ўтган. Хусусан, сенаторлардан бири Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакилига савол билан мурожаат қилди. Унда мамлакатда туризмнинг экстремал ва спорт турлари ҳам пайдо бўлаётгани туфайли, вазирлик юзага келиши эҳтимолий оқибатларга қанчалик тайёр, деган савол берилди.

«Фавқулодда вазиятлар вазирлиги спорт, экстремал туризм каби янги туризм йўналишлари пайдо бўлаётгани муносабати билан ушбу сайёҳлик турлари бирмунча қалтислигини инобатга олиб, вазирлик зиммасига тушган барча мажбуриятларга шайдир. Ушбу қонундан келиб чиқадиган талабларни бажариш, экстремал ва спорт туризми билан шуғулланаётганларнинг соғлиғи, ҳаётини ишончли ҳимоя ва муҳофаза қилиш бўйича барча шарт-шароит мавжуд», - деди вазирлик вакили.

Мавзуга оид