Ўзбекистон | 21:27 / 25.06.2019
6137
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ОАВни амалда ҳақиқий тўртинчи ҳокимиятга айлантириш йўлида». ЕХҲТ вакилига сўнгги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги жамоасининг Австрияга ишчи ташрифи доирасида ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир билан учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда агентлик директори Комил Алламжонов фейсбукдаги саҳифаси орқали маълум қилди.

Қайд этилишича, мулоқот давомида Ўзбекистондаги ислоҳотлар йўналиши ва кўлами, жумладан, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар батафсил муҳокама қилинди.

Фото: Facebook/Комил Алламжонов

“ЕХҲТ вакилига Ўзбекистонда ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги сўнгги жиддий ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, давлат раҳбари томонидан мамлакатимизда сўз эркинлиги ва ОАВ ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳамда Ўзбекистон ОАВни амалда ҳақиқий тўртинчи ҳокимиятга айлантириш йўлида экани билдирилди”, деб ёзади Алламжонов.

Алламжоновнинг маълум қилишича, Арлем Дезир хориж ахборот ресурсларига киришдаги техник муаммолар бартараф этилганидан мамнунлигини изҳор қилди. У шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни ва уларнинг натижаларини катта қизиқиш билан кузатиб бораётгани ҳамда бу жараёнларни юқори баҳолашини таъкидлади. 

“У кенг кўламли ўзгаришларга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кучли сиёсий иродаси туфайли эришилгани ва бу ислоҳотлар нафақат давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, балки мазкур саъй-ҳаракатларнинг натижаси бутун минтақадаги ҳолатга ижобий таъсир кўрсатишига ишонч билдирди”, дея таъкидлайди Комил Алламжонов.

Суҳбат давомида Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган маҳаллий ва хориж журналистларининг мамлакат қонунлари ҳамда халқаро этика меъёрлари, стандартларига риоя этиши масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Фото: Facebook/Комил Алламжонов

Таъкидланишича, ижтимоий ва маиший масалаларга қасддан сиёсий тус бериш, ёлғон йўли билан ва фактларни текширмасдан нотўғри маълумотларни узатадиган “Озодлик” радиосининг ўзбек хизмати хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Учрашувда Ўзбекистон танқидга қарши эмаслиги, бироқ танқид асосли, холис ва журналистик фаолият мезонлари бузилмаган ҳолда бўлиши кераклиги яна бир бор таъкидланган.

Аввалроқ Комил Алламжонов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги жамоаси ҳамда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Томас Гремингер ўртасида учрашув ташкил этилгани ҳақида хабар қилганди.

Мавзуга оид