«Дом»лардаги лифтлар муаммоси қачон тугайди?
«12 қаватли уйда яшаймиз. 2019 йилнинг январь ойидан буён бизни лифт муаммоси қийнаб келмоқда. Шу кунгача бормаган жойимиз, мурожаат қилмаган ташкилотимиз қолмади. Ҳамма жойда бир гап: сабр қилинглар, сизларнинг муаммонгиз ўрганилмоқда. Бу йил лифт ўрнатиб берилади! Ваъдалардан чарчадик, юқори қаватда яшовчи қўшнилар, айниқса, ногирон, кекса отахон ва онахонлар лифт ишламаётганидан анча азият чекмоқда. Ахир улар ёш бола эмас-ку...»
Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Тузель-3 мавзеси «Моҳинур» маҳалласидаги 80-В-уй фуқаролари лифт муаммосидан қийналяпти. Бу ҳақида «Маҳалла» нашри ёзмоқда.
Мақолада баён этилишича, носоз лифт муаммоси фақатгина «Моҳинур» маҳалласидаги фуқароларга тааллуқли эмас. Бу муаммодан кўпчилик азият чекяпти.
«Сергели туманида жойлашган «Шукрона» маҳалласидаги кўп қаватли уйларда ҳам лифт борасида бир талай муаммолар бор. Айни кунда ҳудуддаги 8та кўп қаватли уйда 34та лифт мавжуд бўлиб, уларнинг деярли барчаси аллақачон ўз хизмат вазифасини адо этиб бўлган. 1980 йилларда қурилган бу уйларга лифтлар айнан ўша йиллари ўрнатилган. Орадан 30 йилдан ортиқ вақт ўтди ҳамки, янгисига алмаштирилмади. Ҳозир 6-уйда 1 та, 2-уйда 1 та, 5-уйда эса 2 та лифтда муаммо мавжуд. Айтиш керакки, уларнинг барчаси носоз ҳолатга келган. Ишлаётганлари ҳам бузилиб қолиши ҳеч гап эмас» , ─ дейилади мақолада.
Сергели туманидаги «Миннатдор мижоз люкс» уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари Исмоил Амуршаевнинг сўзларига кўра, лифтни созлаш учун кўп ҳолларда аҳолидан пул йиғилади, аммо қисқа муддатда ускуна яна ишдан чиқади. Бундан эса кўпчилик одамлар норози бўлади.
«Ускуна кунора бузилгани учун лифт ичида баъзан одамлар қолиб кетади. Яхшиямки, маҳалламизда лифт тузатадиган уста бор. Бузилиб қолса, тезда чақириб келиб, созлатамиз. Одамлар хавфсизлигини ўйлаб, ўтган йили тумандан соҳа бўйича мутахассисларни чақириб, маҳалламизда доимий фаолият олиб бориши учун шароит яратдик. Дастлаб, ҳар бир хонадон ойига айнан лифт учун 10 минг сўмдан пул йиғиб берадиган бўлди. Лекин маблағ уларни қаноатлантирмагани учун «Биз бу пулга ишлай олмаймиз» деб кетиб қолди. Фикримча, ҳар бир маҳаллада лифтёр бўлиши керак. Эртага ускуна ишламай қолса ва мутахассис етиб келгунича бирор кўнгилсиз ҳодиса рўй берса, бунга ким жавоб беради?» ─ дейди Амуршаев.
2,5 мингдан зиёд лифт таъмирга муҳтож
— Республика шаҳар ва туманларида 34 минг 584 та кўп хонадонли уйлар мавжуд.Булардан 1778та кўп хонадонли уйда 5316та лифт ускуналари ўрнатилган. 2019 йил январь ойи ҳолатига кўра, уларнинг 2,5 мингдан зиёди таъмирга муҳтож. Кўп хонадонли уйларда истиқомат қилувчи аҳолига қулай яшаш шароитларини яратиш ҳамда лифтлардан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш мақсадида мавжуд таъмирга муҳтож қурилмаларни созлаш ва янгисига алмаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган «Кўп хонадонли уй-жой фондининг лифт ускуналарини таъмирлаш ва алмаштириш параметрлари» ишлаб чиқилган. Унга кўра, 2019 йилда республика бўйлаб, 157 та янги, замонавий ва электрон тизимда ишловчи қулай лифт ускуналари ўрнатилиши режалаштирилган, — дея Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги матбуот хизмат раҳбари Али Пошшо Аҳмедовнинг сўзлари келтирилган.
Янги лифтнинг нархи қанча?
«Кўп хонадонли уйларни ва иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси» ДУК бош муҳандиси Илҳом Тўраев томонидан берилган маълумотларга кўра, лифтларни таъмирлаш, эскиси ўрнига янгисини ўрнатиш катта маблағ талаб этади. 9 бекатли лифтнинг нархи ҳозирги кунда 145 миллион сўмдан 174 миллион сўм атрофида. Бундан ташқари, эски лифтни монтаж қилиш ва созлаш ишлари учун 15-20 миллион сўм маблағ сарфланади.
Албатта, кўп қаватли хонадонларда лифт муаммосининг мавжудлиги аҳоли учун жиддий ноқулайликларни келтириб чиқаради. Аммо, назаримизда,қарс икки қўлдан чиқади. «Дом» ларда истиқомат қилувчилар ҳам лифтдан фойдаланишда меъёр ва талабларга (белгиланган кўрсаткичдан оғир юкларни ташиш, болаларнинг лифтни ўйнаши) риоя этишлари лозим.
Мавзуга оид
17:56 / 13.11.2024
Лойдан қурилаётган “дом” – Избосканда кўп қаватли уй қурилишида цемент ўрнига адир тупроғи ишлатилмоқда
11:14 / 12.08.2024
Ойналари синган Gentra — Навоий кўчасида кўп қаватли уй фасадидаги мармарлар кўчиб тушяпти
12:00 / 18.07.2024
Тошкентдаги “Азиа инвест” можароси Фарғонада такрорланяпти. Фуқаролар ҳукуматдан нажот кутмоқда
11:04 / 13.07.2024