Жамият | 18:15 / 26.06.2019
9912
6 дақиқада ўқилади

«Ҳудудий электр тармоқлари»: Бухорода электр энергия соҳасига замонавий технологиялар жорий этилмоқда

Электр энергетикаси иқтисодиёт ривожи, ҳаёт сифатини таъминлайдиган асосий манбалардан бири. Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу тармоқдаги мавжуд камчиликларни бартараф қилиш ва соҳани янада такомиллаштириш юзасидан қатор амалий ишлар амалга оширилди. Соҳани ривожлантириш юзасидан қабул қилинган Президент фармонлари, қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш юзасидан республикамизнинг барча ҳудудларида изчил чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда.

Хусусан, Бухоро вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан ҳам вилоятда бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилиб, истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, соҳага янги, замонавий технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, корхона томонидан жорий йилда 756,5 км узунликда электр узатиш тармоқлари ва 250 та трансформатор пунктларини қуриш ҳамда реконструкция ишлари жадал давом эттирилмоқда. Шунингдек 28 та массивда 890 та янгиланган намунавий уй-жойларни электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 10,7 км узунликда электр тармоғи ва 22 та трансформатор пунктларини янгидан қуриш ишлари режалаштирилган бўлиб, амалда 20,8 км электр узатиш тармоқлари ва 28 та трансформатор пункти янгидан қурилди.

 Шунингдек, жорий йилда 7-кичик ноҳия, Бухоро ва Когон тумани йўли бўйлаб қуриладиган 10 та хонадонли кўп қаватли уй-жойларни электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 3,5 км узунликда электр тармоғи ва 3 та трансформатор пунктини янгидан қуриш режалаштирилган.

Бундан ташқари, корхона томонидан «Обод қишлоқ» дастури бўйича ҳам белгиланган чора-тадбирлар ижроси таъминланмоқда. Шу мақсадда жорий йилда 305,0 км электр узатиш тармоқлари, 99 та трансформатор пунктларини янгидан қуриб, ишга туширилмоқда.

 «Обод маҳалла» дастури юзасидан жорий йил 21,3 км электр тармоқлари, 9 та трансформатор пунктлари босқичма-босқич янгидан қуриб ишга туширилмоқда.

Корхона томонидан электр тармоқлари ва қурилмаларини 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича жорий йилда 2508,5 км электр узатиш тармоқлари ва 683 та трансформатор пунктларини мукаммал таъмирлаш ишлари изчил олиб борилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил, 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти  Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси билан ҳамкорликда Бухоро вилоятида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишлари (ЭЭҲО ва НҚАТ) босқичма-босқич режа асосида олиб борилмоқда.

Дастлаб Қоровулбозор туманида жами 4 537 нафар истеъмолчига 100 фоиз замонавий электр ҳисоблагичлар ва 79 та концентраторлар ўрнатилиб, «Биллинг маркази» ишга туширилди.

Истеъмолчилар электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига улангандан сўнг истеъмолчи ва электр таъминоти корхонаси ўртасида бир қатор қулайликлар яратилмоқда.

Хусусан, истеъмолчи томонидан истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловларни олдиндан амалга оширилиши, электр энергияси истеъмоли ва техник йўқотишларнинг назоратини олиб бориш, истеъмолчиларга узлуксиз ва сифатли электр энергиясини етказиб бериш, режали ва авариявий ўчишлар ҳақида истеъмолчиларни олдиндан огоҳлантириш, қарздор истеъмолчиларни якка тартибда тармоқдан ажратиш ҳамда тармоқда меъёрдан юқори кучланиш пайдо бўлганда истеъмолчиларнинг электр жиҳозларини ҳимоялаш имконияти яратилади.

Ҳисоблагич ўрнатилиб тизимга улангач, кодлар киритилиб, ҳисоб-рақам очилади ва истеъмолчиларга SMS хабар орқали барча маълумотлар автоматик етказиб берилади. Истеъмолчилар мобил телефон рақами орқали тўловларни онлайн режимида амалга ошириш ва «шахсий кабинет» орқали ҳар бир истеъмолчи АМИ дастуридан керакли маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади.

Бундай имкониятларни кенг татбиқ этиш мақсадида Бухоро шаҳри, Ғиждувон, Когон ва Пешку туманларида истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимида ишлайдиган электр ҳисоблагичларига алмаштириш ишлари бошлаб юборилди.

Бухоро шаҳрида 79 минг 942 истеъмолчилар бўлиб, ҳозирда  66 минг 722 та электр ҳисоблагич алмаштирилди, 518 та концентратор ускунаси ўрнатилди. Ғиждувон туманида 55 минг 317 та электр ҳисоблагич алмаштирилди, 334 та концентратор ускунаси ўрнатилди. Когон туманида 4273 та электр ҳисоблагич алмаштирилди ва 32 та концентратор ускунаси ўрнатилди. Пешку туманида эса 4007 та электр ҳисоблагич алмаштирилиб, 38 та концентратор ускунаси ўрнатилди.

Бухоро шаҳрида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш натижасида 71 минг 323 маиший истеъмолчилардан 66 минг 335 нафарининг электр ҳисоблагичлари алмаштирилди, шундан 53 минг 835 таси АМИ дастурига уланди. Натижада, 2019 йил 1 январь ҳолатида дебитор қарздорлик  4 015,0 млн.сўмни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 1 июнь ҳолатида 3 261,4 млн.сўмни ташкил этди ва  753,6 млн.сўмга камайишга эришилди.

Ўтган даврларда СМС кўрик натижасида аҳоли истеъмолчиларига ҳисобланган электр энергияси ўртача бир ойда 10 530,0 минг.кВт.соатни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилгандан сўнг ойига 12 869,6 минг кВт.соатни яъни, 2 339,6 минг кВт.соатга ошди. Етказиб берилган электр энергияси учун ундирилган маблағ ўртача бир ойда 2 146,0 млн.сўмни, тизим ишга туширилгач эса бу  3 354,0 млн.сўмни, яъни 1 208,0 млн.сўмга кўпайишга эришилди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу замонавий электр ҳисоблагичлар истеъмолчиларга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маблағлари эвазига бепул ўрнатиб берилмоқда.

2018-2021 йиллар давомида Бухоро вилоятидаги барча маиший ва улгуржи истеъмолчиларни электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига ўтказиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.

Бардошбек САМАД ўғли тайёрлади.

 

Мавзуга оид