50-60 йиллик йўлни қайта тиклаш бошланди. 18 метрли қизил чизиқ 22 метр қилиб хатлов қилинган. Пискентлик аҳоли нимадан норози бўлмоқда?

Kun.uz га Тошкент вилояти Пискент туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Мурожаатни ўрганиш учун ижодий гуруҳимиз билан Пискент туманига йўл олдик.

Видео: Youtube

 Видео: Mover (tas-ix)

Туманнинг "Бирлик" МФЙ га кириб боришимиз билан йўл бўйида жойлашган уйларнинг деворлари бузилиши бошланганига кўзимиз тушди. Аҳоли вакиллари билан бузиш ишларига масъул мутасаддилар ўртасида баҳс-мунозара бўлаётганига гувоҳ бўлдик.  

Ўзини вилоят қурилиш бўйича котибият мудири деб таништирган Шуҳрат Қўчқоров аҳоли вакилларига бузилишлар нега бошланаётганига изоҳ берди.

Шуҳрат Қўчқоров

"Сизлар бориб кўринглар, "бош план" 50-70 йил олдинга қараб қилинадиган иш. Шунинг учун ҳар доим юртни обод қилиш учун бузилишлар, қурилишлар албатта бўлади. Агар биз халқни эшитмасдан, ҳақиқий бош план билан ишлайдиган бўлсак, бориб прокуратура ва мактабдаги оралиқни кўриб келинглар. Қизил чизиқ қаёқда-ю қурилиш-қуриш чизиғи қаерда. Лекин бугун сизларнинг кўп нарсангиз кетиб қолмасин, халққа жабр бўлмасин дeб биз қизил чизиққа рози бўляпмиз. Халқ биларди, бузилишини кутиб турганди. Эртага бузилади, индин бузилади деб 50 йил ўтиб кетди. Эллик йил кутдингиз, лекин бир ғишт қўя олмадингиз. Биз ҳар бир фуқаро билан алоҳида ишлаймиз. Ҳеч ким сизни уйингизга кириб, қўлингиздан олиб чиқиб кетаётгани йўқ. Сизнинг қонуний қурган кадастрли мулкингизни алоҳида ўтириб, ҳисоб китобини қиламиз" деб айтиб ўтди котибият мудири.  

Бу сўзларга эса аҳоли вакиллари унчалик ишонишмаяпти.  Улар ҳеч қандай қарорсиз, бош рeжани кўрсатмасдан, огоҳлантирилмасдан бузиш ишлари бошлангани, шунингдек бузиш ишларидан олдин компенсация масаласи ҳал этилмаганлиги, ҳатто бу ҳақда гапирилмасдан бузилиш ишлари бошлаб юборилганлигидан хавотирда қолганлигини таъкидлашди.