Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оиладаги келишмовчиликлар сабаб ота фарзандидан воз кечди
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига мувофиқ, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Чунки фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насаби давомчиси, оиласини мустаҳкам боғлаб турувчи меҳр-оқибат занжири ҳисобланади.
Афсуски, айнан шу муқаддас масъулият охирги пайтларда айрим юртдошларимизга малол келаётгандек туюлади. Чунки баъзи кимсалар томонидан ноҳақ гумон ва шубҳалар асосида ўз фарзандига нисбатан эътирозлар билдириш ҳолатлари учрамоқда.
Даъвогар М. Салимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) С. Салимовадан туғилган А. Салимов исмли фарзанди ўзининг боласи эмаслиги юзасидан эътироз билдирган.
Аниқланишича, М. Салимов 2013 йил 14 майда С. Салимова билан қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурган. Биргаликдаги турмушларидан 2015 йил 6 июнда Акрам Салимов исмли фарзандлари туғилган. Аммо эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли улар аразлашиб, бирга яшамаган.
Даъвогар М. Салимов ўзининг даъво аризаси ва судда берган тушунтиришларида ҳеч қандай далил ва асоси бўлмаса-да, бола ўзининг фарзанди эмаслигини маълум қилган. Шу сабабли биринчи инстанция суди томонидан даъвогарнинг важлари асосида одам ДНКси суд-биологик экспертизаси тайинланган.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази 2016 йил 18 августдаги хулосасини судга тақдим қилган. Унда даъвогар М. Салимов 2015 йил 6 июнда туғилган А. Салимовнинг отаси экани тасдиқланган.
Аммо бунга қарамай, М. Салимов ушбу экспертиза хулосасини ҳам шубҳа остига олган. Бу хулоса асоссиз ва ноқонуний равишда берилганини маълум қилиб, суд қарори устидан назорат тартибида шикоят берди.
М. Салимовнинг талаби асосида Олий суд томонидан яна одам ДНКси суд-биологик экспертизаси тайинланди. Шу тариқа 2019 йил 15 июндаги экспертиза хулосасида ҳам даъвогар М. Салимов 2015 йил 6 июнда туғилган А. Салимовнинг отаси экани такроран ўз тасдиғини топди.
Бу ўз-ўзидан М. Салимовнинг даъвосини қаноатлантиришга асослар мавжуд эмаслигини билдиради. Шунинг учун Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 19 июндаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.
Албатта, бу ўринда гап суд қарорининг ўзгаришсиз қолдирилганида эмас. Аксинча, ҳозирги кунда ҳаётда асоссиз гумонлар билан ҳатто ўз фарзандидан воз кечишга уринаётган кимсалар (уларни ота деб аташга ҳам тил бормайди) ҳам борлиги кишини қаттиқ ташвишга солади.
Акмал Муродов,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди судьяс
Мавзуга оид
10:38 / 10.11.2025
Оиладаги тинчлик фақат муҳаббатдан эмас — ҳар ёшнинг ўз психологияси бор
12:46 / 18.02.2024
“Оила қурганимизни уйдагиларимиз билмасди” – Грин карта учун қалбаки тўй қилган 2 ёш ҳикояси
11:25 / 03.11.2022
Оила ёки карьера: нега аёллар ҳамон азалий дилемма рўпарасида қолмоқда?
21:49 / 13.06.2020