Ўзи оила ва карьерани нега бир-биридан ажратишимиз керак? Оила қуриш — бу юриб келаётган йўлагингдан бутунлай бошқа боши берк кўчага тушиб қолиш, дегани эмас, вазифаларнинг кўпайиши, холос. Ҳаёт эса давом этаверади. Ишни ва оилани биргаликда давом эттириш, мансаб пиллапояларидан эркаклар сингари одимлаб бориш мумкин.
Касбий фаолият юритиши учун 3 та дипломи бор, иккита олийгоҳни тамомлаган қизлар ҳам талайгина. Лекин суҳбат жараёнида асосий эътибор уларнинг иш тажрибаси ёки қандай юмушни бажара олишига эмас, балки аёл киши эканлиги ва шахсий ҳаётининг ишга таъсир этмаслигига қаратилади.
«Турмушга чиқиш ёшида экансиз, оила қурганингиздан сўнг, турмуш ўртоғингиз ишлашингизни истамаса нима бўлади?», «Эндигина оила қурган экансиз, тез орада декретга чиқиб кетмайсизми?», «Болангиз ёш экан, у билан ишлашга қийналмайсизми?»... Ҳар бир олий маълумотли ўзбек қизининг ишга кириш учун интервью топшириш жараёнида эшитиши табиий бўлган саволлар, шундай эмасми?
Назарий билим ҳамиша амалиёт билан мустаҳкамланиб бориши сир эмас. Иш берувчининг талабларига мос бўлиш учун кичик ёшдаги боласини катта қилиб, яна бир неча фарзандли бўлганда у касбий кўникмаларини аллақачон унутиб юборган бўлмайдими?
«Яқинда магистратурани тамомладим. Диссертациямни муваффақиятли ҳимоя қилганим учун мени олийгоҳда олиб қолишларини айтишди. Жуда хурсанд бўлдим. Қайнона-қайнотам ва ота-онам ҳам бу хушхабардан қувонишди. Лекин ишга олиш вақти келганда кафедра мудири бир йил аввал беш нафар магистрни ишга олгани, уларнинг барчаси орқама-кейин туғуруқ таътилига чиқиб кетганларида қийин аҳволга тушиб қолгани учун мени ололмаслигини айтди. Болам ҳали ёш, ундай ниятим йўқ эканлигини айтсам ҳам унамади. Ўзим уйдагиларимнинг олдида жуда уялдим», дейди шахси сир қолишини истаган суҳбатдошимиз.
Камола Алиева, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), ТДЮУ доценти в.б., гендер масалалари бўйича мутахассис:
«Бугунги кунда ишхоналарда аёлларни ишга олиш масаласида дискриминацияга дуч келамиз. Мана шундай аёлларнинг ишга олинишидаги стереотиплар бўйича тадқиқотим доирасида 300 дан зиёд респондентлар ўртасида сўровнома ўтказгандим. Ўшанда кўпроқ аёллар қатнашганди. Чунки ишга қабул қилишда ва меҳнат фаолияти давомида гендер стереотиплари ва камситиш ҳолатларига аксарият аёллар дуч келади. Аммо бу ҳақда очиқ гапириш жамиятимизга тўғри келмайди, деган ёзилмаган «қонун» мавжуд.
Кўпинча, аёллар бундай ҳолларда индамай ичига ютишни афзал кўришади. Сабаби — аёл киши ёшлигидан қийинчиликларга «бардошли» бўлиш ва эътироз билдирмаслик руҳида тарбияланади, бунинг оқибатида эса шу каби ҳолатлар такрорланаверади. Маълум бўлишича, иш берувчи аёлларни ишга олаётганда турмуш қуриши, фарзанд кўриши, ёш келин экани ва туғуруқ таътилига чиқиб кетиши билан боғлиқ саволларни берган ва агар иш берувчига аёлнинг жавоблари тўғри келмаса ишга қабул қилмаган.
















