Жамият | 21:49 / 13.06.2020
13087
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ажрим ёқасига келиб қолган оилалар сони 13 мингдан ортиқ эканлиги маълум қилинди

Ажримлар натижасида жорий йилнинг ўзида республика бўйича 11 минг нафардан ортиқ вояга етмаган бола ота ёки она меҳридан маҳрум бўлган.

Фото: Shutterstock

2020 йилнинг ўтган 5 ойи давомида республика бўйича 9465та оилавий ажрим қайд этилган. Бу борада энг салбий кўрсаткичлар Тошкент шаҳри (29,6 фоиз), Сирдарё (25,5 фоиз), Навоий (22,9 фоиз), Андижон (21,2 фоиз), Тошкент (20,2 фоиз) вилоятларига тўғри келади.

Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова маълум қилди. 

Боситхонованинг маълумот беришича, ҳозирда ажрим ёқасига келиб қолган оилалар сони 13 минг 188тани, ноқонуний никоҳ асосида яшаётганлар 8996тани, эрта никоҳ ҳолати 6тани ташкил қилмоқда. 

“Ажримлар натижасида жорий йилнинг ўзида республика бўйича 11 минг нафардан ортиқ вояга етмаган бола ота ёки она меҳридан маҳрум бўлган.

Оилавий ажримларнинг 50-60 фоизи оилавий келишмовчилик, қолгани фарзандсизлик, узоқ муддат бир оила бўлиб яшамаслик, хиёнат, ичкилик ва гиёҳвандликка ружу қўйиш сабабли келиб чиқмоқда”, деди у “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизимни жорий этиш бўйича ўтказилган видеоселекторда.

Маълум қилинишича, республика бўйича қайд этилган низоли оилалар сони 12 минг 931тани ташкил этиб, ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Хоразм (4035та), Фарғона (1571та), Самарқанд (1454та) вилоятларига тўғри келади. 

“Таълим муассасалари билан жамоатчилик вакилларининг ҳамкорлиги самарали ташкил этилмаганлиги оқибатида Бухоро вилоятида 3та, Сирдарё вилоятида 2та, Қашқадарё вилоятида 1та ҳолатда никоҳ ёши қисқартирилган.

Жойларда нотинч, ажрим ёқасидаги оилалар билан манзилли ишлар йўлга қўйилган бўлса-да, оилалар яраштирилгандан кейинги ҳолатни мониторинг қилиш, кейинчалик яхши яшаб кетишини назоратга олиш ва қўллаб-қувватлаш ишлари қониқарсиз”, дея таъкидлади Элмира Боситхонова.

Мавзуга оид