Жаҳон | 23:31 / 01.07.2019
19306
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг ҳаракатлари сабабли Украина ва НАТО ҳарбий машғулотлар режасини ўзгартирди

Фото: Архип Верещагин / ТАСС

Украина ва НАТОнинг Sea Breeze-2019 ҳарбий машғулотлари режаси Россиянинг Қора денгиз акваториясидаги ҳаракатлари сабабли ўзгарди. Бу ҳақда Украина давлат чегара хизмати хабар қилди.

«Шимолий қўшнининг сузиш ҳудудини кутилмаганда ёпиб қўйиб карталарни чалкаштиришга уриниши кўпмиллатли штабни чўчита олмайди. Биз буни қўшимча чақириқ деб қабул қилдик ва шунга мос равишда ҳаракат қилишга тайёрмиз. Ҳозирда манёврлар ҳудудий жиҳатдан қайта режалаштирилди», — деди Украина қуролли кучлари ҲДК қўмондони Игорь Воронченко.

Россия Қора денгиз флоти «эҳтимолий кутилмаган вазиятларда жавоб қайтариш учун» НАТО кемаларининг Sea Breeze-2019 машғулотларидаги ҳаракатларини кузатмоқда, деб маълум қилди Россия мудофаа бошқаруви миллий маркази.  

Бундан ташқари, россиялик ҳарбийлар ўз машғулотлари давомида Қрим ва Қора денгизнинг Кавказ соҳилида «Бал» ва «Бастион» кемаларга қарши ракета мажмуаларини жойлаштирди.

Sea Breeze-2019 халқаро машғулотлари 1-12 июль кунлари бўлиб ўтади. Машғулотларда 19та мамлакатнинг 32 кемаси, 24 самолёти ва 900дан ортиқ ҳарбийлари иштирок этади.

Мавзуга оид