Ўзбекистон | 08:55 / 03.07.2019
7735
3 дақиқада ўқилади

Инновацион ривожланиш вазирлиги: Ўзбекистонда илк бор хусусий сектор илм-фан лойиҳасини молиялаштириш учун инвестиция киритди

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Жорий йилнинг 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Буюк Британиянинг PETROMARUZ компаниялар гуруҳи ўртасида нефть-газ соҳаси, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилиш материаллари соҳасида илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Республикада илмий фаолият асосан давлат бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Илмий тадқиқот ишларининг жадал суратларда ривожланишига эришиш, хусусий секторнинг молия ва иқтисодий имкониятларини илм-фан тараққиётига жалб қилиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги PETROMARUZ компанияси билан нефть-газ, цемент ишлаб чиқариш, тўқимачилик саноати, инерт қурилиш материалларини қазиб олиш, йўл қурилиши, қурилиш конструкцияларини тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантиришда ҳамкорлик ўрнатди. Музокаралар натижасида дастлабки ҳамкорликдаги илмий-техник лойиҳалар танловлари учун PETROMARUZ компаниялар гуруҳи 3—4 млрд сўм ва йил охиригача 15 млрд сўм миқдорида маблағлар ажратишга, вазирлик ҳам ўз навбатида худди шундай миқдордаги улуш киритишига келишилди.

Бугунги кунда Инновацион ривожланиш вазирлиги PETROMARUZ билан биргаликда илмий-тадқиқот ишлари йўналишларини аниқлаб, ўзаро молиялаштириш учун тематик илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳалар танловига лойиҳалар мавзулари шакллантирди. Хусусан, нефть ва ёқилғи соҳасида 5 та, пахтани қайта ишлаш билан боғлиқ 3 та, архитектура ва қурилиш соҳасида 3 та, жами 11 та илмий-тадқиқот лойиҳалари мавзулари шакллантирилди. Бу вазирлик ва компания ўртасидаги ҳамкорликнинг биринчи босқичи бўлиб, кейинчалик турли соҳалар бўйича яна лойиҳалар танловлари эълон қилиб борилади.

Меморандумга кўра, илмий тадқиқотларнинг харажатларининг 50 фоизи вазирлик томонидан давлат бюджети ҳисобидан тўланса, қолган 50 фоизи компания ҳисобидан қопланади. Таъкидлаш жоизки, ривожланган мамлакатларда илмий-тадқиқот ишларини молиялаштиришнинг салмоқли қисми – тахминан 60 фоизи саноат компаниялар улушига тўғри келади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич атиги 8 фоизни ташкил этади.

– Бу юртимиз илм-фанига хусусий сектор томонидан билдирилган катта ишончдир, – деди Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. – Хусусий бизнесдан илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун инвестицияларнинг киритилиши вазирлигимиз ўз олдига қўйган вазифалардан бири, яъни илм-фан, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик интеграциясининг яққол мисолидир. Ҳозирда юртимизда кластерлар тизимини ривожлантиришга катта аҳамият қаратилмоқда, мана шу кластерларга аниқ лойиҳалар устида ишлаётган олимларнинг бириктириб қўйилиши кластерларнинг ривожига замин яратади.

Мавзуга оид