Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳукумат ташқи савдо операциялари мониторингига оид қарор қабул қилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб боришни янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ташқи савдо контрактлари ва инвойслар бўйича маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритишни тубдан соддалаштириш мақсадида қабул қилиниши мумкин.
Қарор лойиҳасида айтилишича, 2019 йил 1 августдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ, ташқи савдо контрактлари ва инвойслар бўйича маълумотларни электрон шаклда Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритиш хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ушбу қарорга кўрсатиб ўтилган маълумотлар юзасидан идентификация рақамларини шакллантириш орқали амалга оширилади.
Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низом тасдиқланиши мумкин.
Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ташқи савдо контрактларида қуйидаги асосий бўлимлар ва маълумотлар бўлиши керак:
Муқаддима. Контрактнинг кириш қисмида контрактнинг тартиб рақами, контракт тузилган жой ва сана, юридик шахсларнинг тўлиқ номи, контрактни тузган шахсларнинг лавозими, фамилияси ва исми. Агар шахс контрактни ишончнома асосида тузса, бу контрактнинг муқаддимасида кўрсатилади ва ушбу ишончнома контрактга илова қилинган ҳолда унинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Контрактнинг мавзуси. Ушбу бўлимда товарлар, ишлар ва хизматларнинг номи, шунингдек битишув тури кўрсатилади. Товарнинг номи билан биргаликда унинг тавсифи ҳамда миқдори ва сифати бўйича ассортименти кўрсатилади.
Бунда товарнинг умумий қабул қилинган халқаро стандартлари, Ўзбекистон Республикасида амал қилувчи ГОСТлари, шунингдек хусусияти бўйича унинг типи, модели, маркаси, нави, тури ҳам кўрсатилиши лозим.
Товарнинг миқдори қабул қилинган ўлчовларнинг метрик тизимида халқаро бирликларда ифодаланади. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган ўлчов ва оғирликлар тизими миқдорларини белгилаш тартибига мувофиқ ўлчов бирлигини аниқлаш мумкин.
Товарнинг сифат тавсифи товардан фойдаланиш учун унинг яроқлилигини акс эттирувчи хоссалар жамини белгилайди. Шунингдек, ТИФ ТН бўйича товарнинг кодига ҳавола ҳам зарур.
Машиналар, асбоб-ускуналар ва технологик линияларни етказиб бериш учун контрактда уларнинг янгилиги ёки улардан фойдаланганлиги ҳолати кўрсатилади (фойдаланилганлари учун – эскириш фоизи ёки фойдаланиш муддати).
Етказиб беришнинг базис шартлари (“Инкотермс” халқаро қоидалари бўйича).
“Инкотермс”дан фойдаланилганда етказиб бериш жойи (темир йўл станцияси, порт, аэропорт ва бошқаларнинг номи) кўрсатилиши керак (қисқартирилган сўзларнинг бош ҳарфлари билан биргаликда).
Товарни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш муддати ёки санаси кўрсатилади.
Товарни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш санаси дейилганда сотувчи томонидан контрактларда кўрсатилган товарни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш шартларига мувофиқ ўз мажбуриятларининг бажарилиши тушунилади.
Контрактнинг умумий суммаси, товарнинг ўлчов бирлигидаги нархи кўрсатилади.
Товарнинг ўлчов бирлиги ТИФ ТНдаги ўлчов бирлигига мувофиқ белгиланади. Контрактнинг умумий суммаси сотилаётган товар, ишлар ва хизматларнинг қийматини англатади. Ишларни бажаришга ва хизматлар кўрсатишга контрактни тузиш пайтида контракт суммасини белгилаш имкони бўлмаган ўзига хос контрактлар тузилган тақдирда контрактнинг умумий суммаси кўрсатилмайди.
Етказиб берувчилар томонидан монтаж ва (ёки) ишга тушириш-созлаш ишлари амалга оширилишини, улар томонидан ходимларни ўқитиш хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатилишини, роялти тўланишини назарда тутувчи асбоб-ускуналар, қурилмалар, механизмлар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар харид қилишга (сотишга) ташқи савдо контрактлари бўйича контрактларда (спецификацияларда) бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматлар ва роялти суммаси алоҳида кўрсатилади.
Бунда, мазкур иш ва хизматларни амалга оширилиши учун хорижий ҳамкор томонидан юбориладиган ходимлар (мутахассислар)ни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаши билан боғлиқ ва бошқа харажатлар ким ҳисобидан амалга оширилиши кўрсатилиши лозим.
Тўлов шартлари. Контрактдаги тўлов шартларида валюта, тўлов шакли ва муддати белгиланади. Агар тўлов валютаси контракт валютасидан фарқ қилса,
у ҳолда валютани қайта ҳисоблаб чиқиш курси ва ушбу курсни аниқлаш манбаи кўрсатилади.
Товарнинг келиб чиқиши, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш жойи. Контрактда етказиб берилаётган товар келиб чиққан мамлакат ва ишлаб чиқарувчи, шунингдек ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш жойи (мамлакати) кўрсатилади.
Томонларнинг жавобгарлиги. Қабул қилинган мажбуриятларнинг томонлар томонидан бажарилишини таъминловчи шартлар сифатида контрактда, қоидага кўра, контракт мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун томонлар тўлайдиган пеня ва/ёки жарима шаклидаги жазо назарда тутилади. Айбдор томонга зарар кўрган томоннинг талабига кўра унга неустойка тўлаш мажбурияти юкланади.
Томонларнинг реквизитлари. Контракт матни томонларнинг реквизитларини кўрсатиш билан тугалланади. Почта реквизитлари, манзил, банк реквизитлари ва юклаб жўнатиш реквизитлари кўрсатилади. Хўжалик юритувчи субъектларнинг имзолари контрактда муҳр билан тасдиқланади.
Бартер контрактларида импорт товарларни жадал етказиб беришни ёки муқобил банк кафолатлари тақдим этишни назарда тутувчи шартлар мажбурий тартибда ҳисобга олинади.
Ташқи савдо контрактининг матни давлат тилида ёки рус тилида баён қилиниши керак. Агар контракт матни бошқа тилда тузилган бўлса, контракт давлат тилига ёки рус тилига таржима қилиниши ва белгиланган тартибда тасдиқланиши керак.
Контракт шартларига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги маълумотлар қўшимча битим билан қайд этилиши керак ҳамда контрактлар билан бўлгани сингари тартибда ТСОЯЭАТга киритилади.
Республикага товарларни олиб кириш назарда тутилган контрактларга қўшимча битимлар киритилиб, уларга мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлар, хорижий ҳамкорлар ва уларнинг реквизитлари ўзгарган тақдирда, хўжалик юритувчи субъектлар қўшимча битимлар ҳақидаги маълумотлар ТСОЯЭАТга киритилган санадан бошлаб 10 иш куни давомида “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштирилган божхона юк декларацияларига тегишли ўзгартиришларни киритиш бўйича давлат божхона хизмати органларига мурожаат этишлари шарт.
Контрактсиз экспорт ва импорт қилинган товарларга оид инвойсларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилишига йўл қўйилмайди.
Инвойсларда қуйидаги асосий маълумотлар бўлиши керак:
хўжалик юритувчи субъектнинг номи ва унинг реквизитлари;
инвойс суммаси;
хўжалик юритувчи субъектнинг идентификация рақами (СТИР);
товарлар (ишлар, хизматлар) номи;
товарлар (ишлар, хизматлар)нинг ўлчов бирлиги;
товарлар (ишлар, хизматлар) миқдори;
товарлар (ишлар, хизматлар) нархи;
товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб бериш қиймати;
ИНКОТЕРМС бўйича етказиб бериш шартлари;
ташиш тури.
Инвойслар хўжалик юритувчи субъектнинг (мавжуд бўлганда) имзоси ва муҳри билан тасдиқланиши керак.
Мавзуга оид
18:34 / 26.04.2026
“Дача”ларнинг электрон базасини яратиш ва ижара нархларини назорат қилиш режалаштирилмоқда
09:35 / 01.04.2026
Мобил тарифларга янги талаблар жорий этилиши мумкин
08:11 / 18.03.2026
Битирувчилар учун 3 йил ишлаб бериш талаби бекор қилиниши мумкин
11:59 / 17.12.2025