Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Термизга молбозор керакми йўқми? — «Гулистон» маҳалласи аҳли ўз арзига масъуллар қулоқ солишини исташади
Термиз тумани «Гулистон» маҳалласи ҳудудида жойлашган, «Баракат» (озиқ-овқат) деҳқон бозори» МЧЖга қарашли мол бозори учун Сурхондарё дарёсининг ўнг соҳилида 3 гектар жой ажратилган. Kun.uz’га мурожаат қилган фуқаролар ушбу бозор бузилишидан хавотирларини билдиришди.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
Мазкур майдоннинг 1 гектарида мол бозори барпо этилган, қолган икки гектари бодомзор боғ қилинган, мевали дарахтлар орасидаги майдон маҳаллий фуқароларга сабзавот ва полиз экинлари экиш ва деҳқончилик қилиш учун ижарага ажратиб берилган. Мазкур молбозорнинг 51 фоизлик улуши Термиз туман ҳокимлигига тегишли, 49 фоизи эса фуқаро У.Панжиев ихтиёрида.




Сурхон халқи — гўштхўр халқ. Тўйларни-ку қўя туринг, хонадондаги оддий тантана ва маъракаларга ҳам жонлиқ сўйишади. Уч йил муқаддам маҳаллий аҳоли томонидан ташландиқ жой обод қилиниб, ҳашар йўли билан тикланган мазкур бозор Термиз тумани ва Термиз шаҳри аҳолиси учун хизмат кўрсатиб келаётган эди. Қолаверса, шу бозор атрофидаги «Гулистон» маҳалласида истиқомат қилиб келаётган аҳоли бозорда савдо қилиб, рўзғор тебратиб туришган эди.

Ҳафтада бир марта — якшанба куни бўладиган бозорда маҳаллий аҳоли ҳам бир ҳафтага етгулик даромад қилиб қолар, бу юмуш уларнинг ҳафталик даромадига айланиб улгурган. Қўшимча ерларда барпо этилган, боғдаги дарахтлар ҳамда бошқа экинларни суғориш учун қудуқ қазишган ва сув чиқаришган.

Аҳолининг хавотири шундаки, эндиликда ушбу бозор бузилиб, у ҳозирги жойидан қарийб 16 км узоқликдаги, қум барханлари ўртасига кўчирилади. Бундан маҳаллий аҳоли ва молжаллоблар кескин норози. Улар бозор ўз ўрнида қолдирилишини исташмоқда.


Мол бозорининг шаклланиши ва одамларнинг ўргатиш учун кўп йиллар меҳнат қилган оқсоқоллардан бири Абдухайр Жуманазаров шундай дейди:
«Мол бозори кўп йиллардан бери Термизда муаммо бўлиб келаётган эди. Кўчаларда савдо қилган пайтларимиз бўлди. Уч йил бурун шу бозор қурилиб, ҳаммаси тинчиб, изига тушиб, ҳамма ўрганган бир пайтда бу ер ҳам бузилади, дейишяпти».
«Гулистон» маҳалласи фуқароси Аҳад Ҳамраев шундай деди:

«Бир ерни молбозор қилиб, обод қилиб олдик, ором топдик деганимизда яна шу аҳвол. Қаерни обод қилсак ўша ердан қувғин қилишяпти. Ҳаммасига нуқта, молбозор мана шу ерда қолади, деб ўзлари ваъда қилишган эди катталар. 2016 йилда шу жойни қарор билан олган эдик. Энди нима учун яна кетишимиз керак? Яна халққа зарар, халқ саргардон бўлади.
Дарё ёқасидан тураржойлар қуришар экан. Сув қирқ йилда бўлса ҳам ўз ўзанини топади, дейишади. Бу жой шаҳарнинг бир чети, турар жой эмас, мол бозор учун қулай эди. Бизнинг дардимизни сўрайдиган одамнинг ўзи йўқ бу ерда. Кимга айтайлик?»

Бизга маълум қилишларича, Термиз шаҳрининг янги бош режасига кўра, бозор ўрнида кам таъминланган оилалар учун арзон намунавий уйлар қурилиши кўзда тутилган. Ушбу ва шаҳардаги бошқа қурилишларнинг лойиҳа таклифлари тайёрланиб, ўша куни бош вазир Абдулла Арипов ва Президент Администрацияси раҳбари Зайнулобиддин Низомиддиновга тақдим этилган. Лойиҳа республика раҳбарлари томонидан маъқулланган-маъқулланмаганидан ҳозирча бехабарамиз. Чунки мутасаддилар ушбу лойиҳа шунчаки бир таклифлиги, у тасдиқлансагина бозор бузилишини билдириб ўтишди.



Бироқ уй-жойлар қуриш учун олинаётган бозор ўрни Сурхондарё дарёсининг муҳофаза зонасида жойлашган. Яъни бозорнинг кириш қисмидан дарё ўзанигача масофа 300 метрга ҳам етмайди. Бинобарин, бу ерда бундай тураржойлар барпо этиш хавотирли ва меъёрий ҳужжатларга ҳам мос келмайди. Бу ҳақда фавқулодда ҳолатлар бошқармасининг тегишли хати ҳам бор.


Боз устига, Термиз туман ҳудудида жойлашган бозор ўрнида Термиз шаҳри мутасаддилари қурилиш ишлари олиб боришмоқчи бўлаётгани ҳам саволларни юзага чиқаради. Мазкур ҳудуд тумандан олиниб, шаҳар таркибига киритилдими? Қачон, қайси ҳужжат асосида?

Биз бу масалага изоҳ олиш учун бозор яқинидаги ҳудудда намунавий уйлар қурилишини олиб бораётган Термиз шаҳар ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Раҳмонқуловга юзланганимизда у микрофонни кўрсатишимиз билан интервью бермаслигини, ҳаммасини шаҳар ҳокими билишини айтди.

«Баракат» мол бозори эса ўтган уч йил ичида қарийб 400 миллион савдо қилган ва бу пуллардан солиқ тўлаган.

Биз мол бозор учун қум барханлари ўртасидан ажратилаётган жойни ҳам бориб кўрдик. У ер биринчидан узоқ, ҳеч қандай шароит йўқ. Бозор майдони чўл қумига кўмилган, атрофда саксовуллар ўсиб ётибди. Узоқлигидан, молфурушлар бу ерга имкон топиб келганида ҳам харидорлар келиши қийин. Чунки ўта ўнғайсиз жойда жойлашган. Бунақада бозор бўладими?





Вазият жуда чигал. Термиз шаҳар ва туман ҳокимликларини ҳам тушуниш мумкин. Улар кам таъминланган оилаларга арзон уй-жойлар қуриш борасида ҳукумат топшириғини бажаришга киришишган. Лекин бунинг учун улар фаолият кўрсатаётган савдо мажмуаси ўрнини танлашган. Шу бозорда кун кўрувчи аҳоли бу ишлардан қаттиқ норози бўлмоқда. Аввало бозорсиз қолишлари, оқибатда рўзғор учун ҳар якшанба тўрт-беш сўм ишлашдан мосуво бўлишлари уларни ташвишлантираётган бўлса, шунингдек, бу майдон мавжуд талабларга кўра уй қуриш учун яроқсизлиги, келгусида Сурхондарё тошса, уйларга зиён етказиши мумкинлигини пеш қилишмоқда.
Биз термизлик мутасаддилардан мазкур муаммони қай тарзда ҳал этмоқчи бўлаётганликлари борасида изоҳ кутиб қоламиз.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
17:03 / 23.05.2026
Термизда қурувчига 217 туп дарахтни кесиб ташлашда ёрдамлашган собиқ мансабдор жазога тортилди
09:58 / 23.05.2026
Россия бозорида арман маҳсулотларига тақиқлар кучаймоқда
18:36 / 16.05.2026
“Кадишева”да шов-шув: бозор бузиляптими?
08:34 / 16.04.2026