Ўзбекистон | 22:50 / 05.07.2019
207236
2 дақиқада ўқилади

Президент Андижон вилояти ҳокимига танбеҳ берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида биринчи ярим йилликда давлат бюджетига тушумлар натижадорлигини таҳлил қилиш ва янги вазифаларни белгилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Kun.uz манбаси хабар қилишича, йиғилиш якунида президент Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновни танқид қилди. 

Президент интернетда вилоят ҳокими билан боғлиқ хабарларни кузатганини, Андижон вилоятида ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлардан кўнгли тўлмаётганини айтиб ўтган.

«Сени ҳурмат қиламан. Лекин интернетдаги гаплар дилимни оғритди. Оғир-босиқ бўл. Садоқат бошқа, амал бошқа», деган президент.

Ўз навбатида ҳоким йўл қўйган хатоларини тушуниб етганини айтиб, бу ҳолат учун узр сўраган ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигига ваъда берган.

Қайд этиш керакки, Андижон вилояти ва вилоят ҳокими сўнгги вақтларда ОАВ эътиборида бўлиб турибди.

Аввалига май ойида президентнинг Андижон вилоятига ташрифи вақтида кўзбўямачилик қилингани ҳақида хабарлар шов-шув бўлганди. Унга кўра, 6 нафар аёлга президент совғаси сифатида коттежлар берилиши ваъда қилингани, лекин президент Тошкентга қайтгач, улардан уйлар қайтариб олингани маълум бўлганди.

Шунингдек, июнь ойида Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда бошқа мансабдорларни (шу жумладан, соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновни) қўпол сўзлар билан ҳақорат қилгани ҳақидаги аудио тарқалди.

Мавзуга оид