Жаҳон | 01:00 / 07.07.2019
7365
1 дақиқада ўқилади

Руҳоний: Эроннинг ядровий келишув бўйича мажбуриятларни бажаришни тўхтатиб қўйишига европаликлар жавобгар 

Фото: AP

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний мамлакатнинг ядровий дастур бўйича келишувдаги ўз мажбуриятларини бажаришни тўхтатиб қўйишига европалик ҳамкорлар жавобгар эканлигини билдирди. Al Mayadeen телеканалининг маълум қилишича, Руҳоний Франция президенти Эмманюэл Макрон билан телефон орқали мулоқотда бу ҳақда маълум қилган.

"Эроннинг охирги қадамлари ядровий келишув доирасидан чиқмайди ва келишувни бузиш ҳисобланмайди", - деган у. 

Шу билан бирга Руҳоний Эронга қарши барча санкцияларнинг бекор қилинишигина Теҳронни ўз қарорларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилиши мумкинлигини айтган.
Макрон билан суҳбатда Эрон президенти АҚШнинг Эронга ўтказаётган босимини "терроризм ва иқтисодий уруш" деб атаган.

Аввалроқ Эрон олий етакчисининг маслаҳатчиси Али Акбар Вилоятий Эрон европалик ҳамкорлар ядровий келишув бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганлигига жавоб сифатида навбатдаги қадамни ташлаши ва 7 июлдан уранни 5%гача бойитишни бошлашини билдирганди. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид