Жаҳон | 22:46 / 08.07.2019
3868
2 дақиқада ўқилади

БМТ: дунё бўйлаб бир йил ичида 50 минг аёл оиладаги зўравонликлар қурбони бўлган

2017 йилда дунё бўйлаб 50 минг аёл оиладаги (уй) зўравонликлар қурбонлари бўлган. Шу йил ичида қотиллар қўлидан жами 87 мингдан кўпроқ аёл ҳалок бўлган. Бундай статистика БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Венада эълон қилинган докладида келтирилган.

Ҳужжатда 2017 йилда қотилликлардан жами 464 минг киши ҳалок бўлгани, улардан аксарияти 81 фоиз эркаклар бўлгани маълум қилинган.

Ҳужжатда асосий эътибор оиладаги зўравонликларга қаратилган. Доклад муаллифларининг маълумотларига кўра, аёлларни одатда улар билан бирга яшайдиган ёки яшаган эркаклар ўлдирган. Бундай қотилликларга асосан рашк ва ажрашиш таҳдиди сабаб бўлган. Бироқ аёллар оталари, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа яқинлари томонидан ҳам ўлдирилади.

Муаллифлар бундай жиноятларни қитъалар бўйича тақсимлаб чиқишган. Аниқланишича, аёлларга нисбатан яқин кишилари томонидан содир этиладиган қотилликларнинг аксарияти Осиёда юз беради. Осиёда 2017 йилда бундай қотилликлардан 20 мингта, Африкада 19 мингта, Америкада 8 мингта, Европада 3 мингта ва Океанияда 300 та қайд қилинган.

Бу маълумотлар аҳоли жон бошига ҳисобланса, унда аёллар учун Африкада вазият энг номақбул ҳисобланади, Европада эса аёллар ўзларини нисбатан хавфсиз ҳис қилишлари мумкин экан.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид