Сенатор ҳисоботи: «Тошкент вилояти аҳолисига кўрсатилаётган коммунал хизмат талабга мутлақо жавоб бермайди»
«Тошкент вилоятида аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмаган. Хусусан, Бўка, Бекобод, Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ туманларида ҳозиргача марказлашган сув оқова тизимлари мавжуд эмас» , ─ дея таъкидлайди сенатор, Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев. У бу ҳақда қўмитанинг 2019 йил биринчи ярмидаги фаолият якунлари бўйича ҳисобот брифингида тўхталиб ўтди.
Ўрганишлар натижасига кўра, Тошкент вилоятида жами 868,000та хонадон ҳамда 51,600та турли корхона ва муассасалар мавжуд. Аммо марказлашган оқова сув тизимига фақатгина 147,133та (16 фоиз) абонент уланган холос.
Қолган 772,467та хонадон ва ташкилот вилоятнинг марказлашган оқова сув тизимига уланмаган. Натижада улар талабга жавоб бермайдиган ўралардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.
Нурафшон шаҳри марказига яқин ҳудудда жойлашган «Чиғириқ» ҳамда Қуйи Чирчиқ туманидаги «Юксалиш» оқова сув тармоқлари аварияли ҳолатга келиб қолганлиги сабабли уларда оқова сувларни тозалаш механизмлари умуман мавжуд эмас. Бунинг оқибатида ундан чиқаётган оқова сувлар биологик ва кимёвий тозалашдан ўтмай туриб Изза каналига оқизилмоқда.
Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтган умумий аҳоли сони 2,8 миллиондан ортиқ. Шунга қарамай, 2,3 миллиондан ортиқ аҳоли вакиллари ёхуд 86 фоиз вилоят фуқаролари оқава сув тармоғига уланмаган.
Президент фармонига кўра, сув таъминоти ва канализация объектларини замонавийлаштириш ва таъмирлаш, мазкур соҳа фаолиятини мувофиқлаштириш, бошқарувни таъминлаш Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги нинг асосий вазифаси ҳисобланади. Аммо вазирлик ҳам ўз вазифаларини етарли уддалай олмаяпти.
Сенатор Тожиевнинг қайд этишича, вазирлик Президент қарорида белгиланган Янгийўл, Чиноз ва Бўстонлиқ туманларида оқава сув қувурларини реконструкция қилишга доир тадбирлар кўрсатилган муддатларда бажарилмаган.