Бош вазир йиғилиши баёни: ДТМни судда ютиб чиққан абитуриент талаба бўлди, бир талаба контрактдан давлат грантига ўтди
5 июль куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири, таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига раислик қилувчи Абдулла Арипов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилиш кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2019-2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги 4359-сонли қароридан келиб чиқадиган вазифалар ва республика олий таълим муассасаларига қабулни юқори даражада ташкил этиш, олий таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Давлат комиссиясининг 1-сонли баёнига кўра, 2018 йил ёзида абитуриент сифатида ҳужжат топшириб, Давлат тест маркази хатоси туфайли талабага айлана олмаган Даврон Турсунов ҳамда 2018 йил ёзида тест синовларидан ўтиб, лекин ДТМ хатоси туфайли бюджет асосида эмас, тўлов-контракт асосида талаба сифатида қабул қилинган Камола Ботированинг натижалари бекор қилиниб, уларнинг иккисига ҳам истисно тариқасида давлат гранти бўйича ўқиш ҳуқуқи берилган.
«Тошкент шаҳар Юнусобод тумани маъмурий судининг 2019 йил 18 февралдаги 3-1004-1802/5950-сон маъмурий иши бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2018 йил 13 августдаги 5-сон баёни қарори билан абитуриент Турсунов Даврон Улуғбек ўғлининг Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг 5510108 - Даволаш иши (Жиззах) таълим йўналиши бўйича тасдиқланган тест синовлари натижалари бекор қилинсин, мазкур абитуриентнинг тест синовлари бўйича натижаси 139,5 балл (давлат гранти бўйича ўтиш бали 138,8 балл) деб ҳисоблансин.
Бунда, абитуриент Турсунов Даврон Улуғбек ўғлига истисно тариқасида, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг 5510108 — Даволаш иши (Жиззах) таълим йўналиши бўйича қўшимча давлат гранти асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилсин», дейилади баёнда.
Бундан ташқари, Тошкент тиббиёт академиясида контракт тўлови асосида таҳсил олаётган талаба Камола Ботирова давлат гранти асосида ўқишни давом эттирадиган бўлган.
«Тошкент шаҳар Юнусобод тумани маъмурий судининг 2019 йил 23 апрелдаги 3-1004-1902/93б-сон маъмyрий иши бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2018 йил 17 августдаги 6-сон баёни қарори билан тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриент Ботирова Камола Икром қизининг Тошкент тиббиёт академияси 5111003-Касб таълими: тиббий педагогик иш таълим йўналиши бўйича тест синовлари натижалари бекор қилинсин, мазкур абитуриент натижаси 177,5 балл (давлат гранти бўйича ўтиш балли 175,2 балл) деб ҳисоблансин.
Бунда, талаба Ботирова Камола Икром қизига истисно тариқасида Тошкент тиббиёт академияси 5111003-Касб таълими: тиббий педагогик иш таълим йўналишига 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб қўшимча давлат гранти асосида таълим олишини давом эттириш ҳуқуқи берилсин ҳамда Ботирова Камола Икром қизининг 2019/2020 ўқув йили ўқув йили учун тўлаган 10 136 500 сўм (ўн миллион бир юз ўттиз олти минг беш юз) сўм тўлов-контракт суммаси Тошкент тиббиёт академиясининг бухгалтерияси томонидан унга қайтарилиши таъминлансин», дейилади баёнда.
Қайд этиш керакки, Kun.uz сайтида Давлат тест марказини судга берган абитуриент Даврон Турсунов ва талаба Камола Ботирова ишлари ёритилганди.
Даврон Турсунов 2018 йилнинг ёзида Тошкент педиатрия тиббиёт институтига ҳужжат топшириб, август ойида имтиҳонга кирганди. У синов натижалари бўйича кириш бали етарли бўлмагани сабабли талабаликка қабул қилинмаганди.
Шундан сўнг, у Давлат тест марказининг апелляция комиссиясига шикоят билан мурожаат қилган. Даврон Турсунов саволлар китобининг биология фани бўйича берилган 57-саволи юзасидан эътироз билдирганди.
Кейинчалик Юнусобод туман маъмурий судига мурожаат қилиб Давлат тест марказини судда ютиб чиққанди. Лекин суд қарорини ижро этиш билан боғлиқ жараёнлардаги ҳуқуқий камчиликлар, ўқув йилининг ярмидан кўпроғи ўтиб кетгани ва бошқа важлар билан Даврон Турсуновнинг Тошкент педиатрия тиббиёт институти талабалари қаторига қўшилиши пайсалга солинаётганди.
Шунингдек, Тошкент тиббиёт академиясида контракт тўлови асосида таҳсил олаётган талаба Камола Ботирова олийгоҳга давлат гранти асосида қабул қилинишига тўсиқ бўлган хатолик туфайли Давлат тест марказини судга бериб, унда ютиб чиққанди.
Юнусобод туман маъмурий судига алоҳида ташаккуримизни айтамиз ва бошқа судлар ҳам улардан ўрнак олиб, ишларни виждонан, адолатли ва холис кўришларини тилаб қоламиз.
Ҳурматли абитуриентлар! Агар сизда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар юзага келса, иккиланмай судга мурожаат қилинг. Меҳнатингиз натижаси учун охиригача курашинг. Юқоридаги курашдан ўзингизга тегишли хулоса чиқаринг.
Зафарбек Солижонов журналист
Мавзуга оид
18:33 / 04.11.2024
Абдулла Арипов Шанхайда Хитой бош вазири билан учрашув ўтказди
18:17 / 04.10.2024
Бош вазир Абдулла Арипов шахмат федерациясига раислик қилади
22:17 / 01.10.2024
Абдулла Арипов Ереванда Эрон биринчи вице-президенти билан учрашув ўтказди
00:57 / 10.09.2024