Андижон вилояти ҳокими коммунал тизимдаги янгиликлар бўйича аҳоли вакиллари билан мулоқотлар ўтказмоқда
12 июль куни Андижон шаҳридаги 31-умумтаълим мактабида электр энергия ва табиий газ нархининг ўзгаришининг сабабларини аҳолига тушунтириш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ фаолиятига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди.
8 июль куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда электр энергия ва табиий газ нархининг ўзгаришини кенг жамоатчилик билан биргаликда ҳар бир маҳаллага борган ҳолда аҳолига тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича шаҳарлар ва туманларнинг 4 та секторлари раҳбарлари бошчилигида ишчи гуруҳ ташкил этилган эди.
Топшириққа асосан, ушбу ишчи гуруҳлар ҳар бир хонадонга кириб, аҳоли билан учрашиб, электр энергия ва табиий газни ишлаб чиқариш учун қанча маблағ сарфланиши, аҳолига сотилиши ҳамда қўшни давлатларда уларнинг бугунги нархлари қанчалигини асослантирилган таҳлиллар билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Шуҳратбек Абдураҳмонов мулоқот чоғида аҳоли вакилларига электр ва газ тарифлариги ўзгаришлар ва уларнинг сабаблари ҳақида батафсил тушунча бериб ўтди.
Бундан ташқари, маҳалла аҳлини қийнаб келаётган муаммоларни тинглаб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарларига кўрсатмалар берди.
Элмурод Эрматов, Андижон