Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Андижон вилояти ҳокимига икки янги ўринбосар тайинланди
Элмурод Исмоилов Илҳом Собиров ўрнига Андижон вилояти ҳокими ўринбосари – вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи бўлди. Абдусаттор Отабаев эса ҳокимнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бунгача у ҳарбий хизматчи ҳисобланган.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновга янги ўринбосарлар тайинланди.
Ҳокимлик матбуот хизматига кўра, Элмурод Рўзибоевич Исмоилов ҳоким ўринбосари – вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи бўлди.
У бу лавозимда 2024 йил октябрдан буён ишлаб келган Илҳом Собиров ўрнини эгаллади.
Элмурод Исмоилов 1987 йилда Асака туманида туғилган. 2014 йилда Андижон қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган.
Шу кунга қадар Андижон вилояти ҳокимлиги инвестициялар, саноат ва савдо масалалари бўйича котибияти мудири вазифасида фаолият олиб борган.
Шунингдек, Абдусаттор Халимжонович Отабаев ҳокимнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
У 1976 йилда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида туғилган. 1998 йилда Наманган муҳандислик педагогика институтини тамомлаган.
Ҳозирга қадар 51411-сонли ҳарбий қисми контракт бўйича ҳарбий хизматчиси вазифасида фаолият олиб борган.
Отабаев вилоят ҳокими ўринбосари лавозимида 2021 йил майидан буён ишлаб келган Раҳматулло Арзиев ўрнини эгаллади.