Ўзбекистон | 15:43 / 13.07.2019
14652
2 дақиқада ўқилади

Ғўза майдонларида дронлар илк бор синовдан ўтказила бошланди

Ўзбекистонда ғўза зараркунандаларига қарши курашиш учун, биолабораторияларида кўпайтирилган трихограмма ва олтинкўз энтомофагларини ғўза майдонларига тарқатиш мақсадида илк бор дронлардан фойдаланиш тизими синовдан ўтказилмоқда. Бу ҳақда Тошкент давлат аграр университетининг «Фейсбук»даги саҳифасида маълум қилинди.

Тошкент давлат аграр университети ўқитувчиларининг илмий ишланмалари натижаси бўлган дрон илк бор Бўка туманидаги «Ёқутхон» фермер хўжалиги пахта майдонида синовдан ўтказилган.

Мазкур дронлар кўсак қуртига қарши трихограмма тарқатиш шунингдек, тарқатиш меъёрларини бошқариш ва совитиш имконига эга.

Шу пайтга қадар трихограмма қўлда тарқатилганда битта ходим кун давомида бир гектарнинг 400 нуқтасига, энг кўпи 4-5 га ғўза майдонига тарқатиши мумкин бўлган. Бу эса ғўза экини зараркунандаларига қарши ўз муддатида ва сифатли қарши кураш имкониятини кескин пасайтирган. 

Янги дронлар ёрдамида ғўзанинг бир гектар майдонига энтомофагларни тарқатиш учун 9-10 дақиқа вақт сарфланади.

Айни вақтда ушбу ускуналар фермер хўжалик раҳбарлари ва мутахассислар ўртасида катта қизиқиш уйғотмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга оид