Риштонда уйи бузилаётганлар доди: «Яна 20 миллион сўмдан беришди. Ҳокимият уй бузишга вакил ажратган, қуришга эса йўқ»
Фарғона вилоятининг Риштон тумани марказидаги бузилишлар сайтимизда кўп марта ёритилди. Бундан икки ой муқаддам режалаштирилган қайта қуриш ишлари муносабати билан Фарғона кўчасидаги аҳоли турар жойлари ва нотурар жойларни бузиш ишлари бошланган.
Туман мутасаддилари ҳар бир бузилган уй ва бино эгасига туман марказига яқин бўлган жойдан уй қуриш учун ер майдони ажратилиб, компенсация пуллари берилишини айтган эди.
Бу орада аҳоли уйлари ва нотурар жойлар бузила бошланди. Ҳокимият томонидан берилган ер майдонларига уй қуришни бошламоқчи бўлган аҳоли учун компенсация пулларини бериш эса пайсалга солинмоқда.
Бироз вақт олдин «Минор» маҳалласи вакиллари ҳокимият томонидан уйлари бузилаётгани оқибатида кўчада қолганликлари, мутасаддилар эса янги жойда уй тиклаш учун 10 миллион сўмдан компенсация пули тарқатгани бўйича мурожаат қилишганди.
«Баҳоланган пулни беринглар, деб илтимос қиляпмиз, ҳеч натижаси бўлмаяпти. Биз қай аҳволда қийналаётганимиз ҳеч кимни ташвишга солмаяпти. Ахир, 10 миллион сўмга уч хонали уйнинг пойдевори ҳам битмайдику?», дейилганди мурожаатда.
Уйининг ярми бузилган хонадон соҳиби Суҳроб Абдуллаев уйини ҳокимлик вакиллари кечаси бульдозерда бузиб ташламаслиги учун кўча деворига «Бу ерда одам яшайди», деган ёзувни илиб қўйган.
Аҳоли вакилларидан такрор тушган мурожаатларни ўрганиш мақсадида яна Риштонга бордик.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
«Ҳокимият компенсация пулини қачон тўлиқ берар экан? Билиб беринглар!»
Яна ўша «Минор» маҳалласидамиз. Уйлар бузиляпти, ҳаммаёқ чанг-тўзон. Ёши улуғларнинг боши қотган.
«Бундан беш кун аввал ҳокимият вакиллари келиб, ҳар бир уйи бузилаётган хонадонга яна 20 миллион сўмдан пул бериб кетишди. Уйларимиз ҳокимлик томонидан 75 миллион сўмдан 250 миллион сўмгача баҳоланган. «Пулни қолганини қачон тўлиқ берасизлар?», десак «Уч кунда» деган жавоб олдик. Ваъдалар билан июнь ойини тугатиб, июлнинг ўртасига келдик. Ёз кунлари ғанимат. Ҳокимият компенсация пулини тезроқ бермаса, уйни қачон битирамиз? Қўшнилар ўша ўттиз миллион сўмни олгандан кейин, бизга ер майдони ажратилган «Кулолон»да пойдевор қуйишни бошлашди. У ерда сув йўқ экан. Қурилиш сувсиз бўлмайди, ахир. Цистернада сув олиб келиб беришибди. Аҳоли кўчиб бориши мўлжалланган жойда шароит йўқ. Ҳокимият вакилларидан илтимос қиламиз. Риштон тумани обод бўлиши учун уй-жойимиз бузилишига минг бор розимиз. Фақат, тезроқ пулимизни беришсин. Уйларни битириш керак», дейди 65 ёшли Зулфия она Исмоилова.
Суҳроб Абдуллаевнинг уйи деворида ҳали ҳам «Бу ерда одам яшайди» ёзуви илинган бўйи турибди. «Фарзандларни катталари мен билан бирга, яқинда туққан хотиним икки бола билан қайнонамнинг уйида туришибди. Бесаранжомлик қачонгача давом этади?», дейди у.
Ҳали ярми бузилмаган уйга кирганимизда, хона ўртасидаги беланчакда чақалоқ ухлаб ётган экан...
«Ҳокимият уй бузишга вакил ажратган эди, қуришга эса йўқ»
«Минор» маҳалласи аҳолиси уй қуриши учун ажратилган «Кулолон» қишлоғидаги «Деҳқонобод» маҳалласи ҳудудига бордик. Манзилимиз Риштон марказидан 2-3 километрлик йўл экан.
Уч-тўрт оила уй қуришни бошлаган. Ҳақиқатда оқин ариқ суви ва ичимлик суви йўқ. Доимий сув бўлмаса, қурилиш қилиш жуда қийин. Латифжон Эшонқулов уч хонали уйнинг пойдеворини қуриб битказибди.
«Қурилиш учун сувни цистернада ташиб улгуриб бўлмас экан. Қўшним пахсадан девор уряпти. Тасаввур қилинг, лой қориш учун қанча сув зарур бўлади? Ҳали компенсация пулимизни тўла беришмади. Уйимни бузишга ҳокимият томонидан туман «Ўсимликларни ҳимоя қилиш» ташкилоти раҳбари Камолдин ака бириктирилган эди. Ўша раҳбар уйим тезроқ бузилиши учун роса жон койитган. Қурилишни бошлаб, компенсация пулидан, уй қуришдаги муаммолар билан у кишига мурожаат қилсам, «Мен уйингизни бузишга маъсул эдим, қуришга эмас» деди. Ахир бизни тезроқ маблағ билан таъминлаб шарт-шароитимизга ҳам ёрдам беришсин», дейди у.
Олимжон Сотволдиев ва Муслимбек Аҳмедовда ҳам худди шу муаммолар. Улар ҳам ҳокимиятдан тезроқ маблағ берилишини кутишмоқда. Ахир, қуруқ ерда уй солишнинг ўзи бўладими?
Цемент, арматура, ғишт, шифер каби асосий қурилиш материалларининг нархи жуда баланд. Ҳар бир жараён учун уста ҳақи бор.
Туман ҳокимлиги вакиллари уйларни бузиш ишларини бошлаганида хонадон соҳибларига қурилиш материалларини имтиёзли равишда олиб беришни ваъда қилишган экан. Одамлар уларга ишонган эди. Бироқ шу кунгача на пулдан, на қурилиш маҳсулотлари ва ёрдамдан дарак бор.
Риштондан қайтар эканмиз, туман ҳокимлиги вакилларига ҳар қандай давлат органининг энг асосий вазифаси, энг аввало халқни рози қилиш эканлигини яна бир эслатиб ўтмоқчимиз.
Элмурод Эрматов
тасвирчи: Аҳрорбек Ёқубжонов
Мавзуга оид
12:39 / 12.11.2024
Фарғонада коррупцияга қарши курашувчи мансабдорнинг ўзи коррупция билан қўлга тушди
13:10 / 10.11.2024
“Баҳордан бошлаб қишга тайёрланамиз” – қиш қаршисидаги фарғоналиклар
10:06 / 10.10.2024
Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
12:23 / 07.10.2024