Жамият | 17:33 / 13.07.2019
6576
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда иккита чинорни кесган шахс жарима ва етказилган 26,3 млн сўмлик зарарни тўлаб беради

Самарқанд шаҳридаги давлат хизматлари марказининг 1 июль кунги хати орқали «Alexander Hotel» МЧЖ томонидан «Афсона» ёзги чўмилиш ҳавзаси олдидаги чинор ва тут дарахтларини кесишга хулоса беришни сўраб Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига мурожаат қилган.

Бошқарма инспекторлари томонидан мурожаат жойига бориб ўрганилганда қурилиш ва ободонлаштириш ишларига халақит қилиб турган 2 туп тут ва атрофида қатор экилган 11 туп чинор дарахтлари мавжудлиги аниқланган.

2 туп тут дарахтига Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги №43-сонли қарорига асосан 9 июль куни 270-сонли хулоса берилган. Қолган 11 туп чинор дарахтлари қурилиш ишларига халақит қилмаётганлиги сабабли бошқарма томонидан хулоса берилмай, рад жавоби берилган.

Бошқарманинг жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси С.Саъдуллаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, гарчи кесишга рад жавоби берилганига қарамасдан, 11 туп чинор дарахтидан 2 тупини фуқаро М.Каримов рухсатсиз, ноқонуний равишда кесиш ишларини амалга оширган вақтда бошқарма инспекторлари томонидан тўхтатилган.

Ушбу ҳолат юзасидан фуқаро М.Каримовга Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий иш қўзғатилиб, солинган жарима ва аниқланган 26.354.900 сўм зарар суммасини ундириш чоралари кўрилмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид