Жамият | 11:16 / 15.07.2019
34829
5 дақиқада ўқилади

Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги ҳақида эслатма берди

Фото: Мария ЛЕНЦ / Комсомольская правда

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги (ҚКГИ) каналар орқали трансмиссив йўл билан юқадиган, табиий ўчоқли ўта хавфли юқумли касалликдир, деб хабар бермоқда Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази.

Касалликни вирус қўзғатади. Йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган иксод каналари ушбу касаллик вирусининг сақловчиси ва ташувчилари ҳисобланади. ҚКГИ вирусининг манбалари – кемирувчилар, йирик ва майда шохли моллардир.

Касаллик асосан, фаолияти чўл ҳудудлари, яъни табиий ўчоқлар билан боғлиқ бўлган касб эгаларида (чўпон, уларнинг оила аъзолари, мол боқувчилар, овчилар, қўйлар жунини қирқимига вақтинчалик ишга жалб этилганлар) учрайди. Геморрагик иситма мавсумийлик хусусиятига эга бўлиб, асосан йилнинг баҳор ва ёз фаслларида қайд этилади. Касалликдаги бундай мавсумийлик каналарнинг фаоллиги билан бевосита боғлиқ бўлади. Касаллик асосан (80% дан кўпроғи) 20 – 60 ёшдаги эркакларда учрайди.

Ушбу касаллик табиий шароитда ўзида геморрагик иситма вирусини сақлайдиган каналарнинг чақиши ва чорва молларидан уларни олиб, қўллар билан каналарни эзиш натижасида терининг кана қони билан ифлосланиши орқали одамларга юқади. Касалликнинг яна бир хавфли томони ҚКГИ билан оғриган беморнинг қони орқали ҳам гемоконтакт йўл орқали соғлом одамга юқади.

Республикамизнинг жуда катта майдони геморрагик иситма бўйича табиий ўчоқли ҳудудлар ҳисобланади.

Ушбу касаллик вирус билан зарарланган каналарнинг тарқалишига боғлиқ бўлиб, табиий ўчоқли бўлмаган ҳудудларда ҳам учраши мумкин.

Бундан ташқари, ушбу касалликнинг республикамиз ҳудудига четдан кириб келиши ва тарқалиш хавфи ҳам мавжуд.

Касалликнинг яширин даври ўртача 2 – 3 кун давом этади. Баъзида бу давр бир неча соатларгача қисқаради ёки 14 кунгача чўзилади.

Касаллик ўткир бошланиб, тана ҳароратининг кўтарилиши (39 – 40 ºС), юз, бўйин, кўкрак қисми териларининг қизариши,баданнинг совуқ қотиб қалтираши, мушакларнинг оғриши, тошма тошиши, милк, бурун, ошқозон-ичаклардан қон кетиши, инъекция жойларида қон қуйилишлар каби аломатлар билан намоён бўлади. Баъзида касаллик оғир кечиб, ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилади.

Мазкур касаллик геморрагик белгиларсиз шаклда ҳам кечиши мумкин. Касалликнинг бу шаклида баданда тошмалар тошмайди, қон талашлар кузатилмайди, касаллик асосан иситма ва холсизлик аломатлари билан кечади. Бундай беморлардан лаборатория текшируви учун қон олиш ҳамда тери бутунлиги бузилиши билан кечадиган муолажаларни амалга ошириш жараёнларида тегишли қоидалар талабларига риоя қилмаслик натижасида тиббиёт ходимларига хам касаллик юқиши мумкин.

Қрим – Конго геморрагик иситма касаллигидан сақланиш учун қуйидагиларга риоя қилиш тавсия этилади:

баданга кана ёпишганлиги аниқланса, яқин жойлашган тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш керак, агар ёш болага кана ёпишган бўлса;

кана чақишдан эҳтиёт бўлиш мақсадида тери юзаси имкон қадар кийимлар билан бекитилиш керак.

Кана кўпинча оёқлар орқали киришини инобатга олиб, шимни почалари маҳкам боғланиши керак.

Терини кана чақишидан асраш учун чўчитувчи воситалар, яъни репеллентлардан ҳам фойдаланиш мумкин, бундай воситалар дорихоналарда сотилади.

Чўчитувчи воситалар тери юзасига пуркалади, уларнинг таъсири 3 соатгача давом этади, 3 соатдан сўнг терини репеллент пуркалган қисми хўжалик совуни ёрдамида ювиб ташланади ва зарурат бўлганда репеллент такроран қўлланилади.

Умуман, агар бирор кишини кана чақса, ёки баданига кана ёпишганини кўрса, қўллари кана қони билан ифлосланса, шунингдек иситмаси чиққан, бурундан, милклардан, ошқозон – ичаклардан, бачадондан қон кетган беморларга ёрдам кўрсатса, беморнинг қони тери ва шиллиқ қаватларига теккан бўлса, унда ёрдам кўрсатган одам хам тиббий ёрдамга мурожаат этиши шарт.

Каналарни қўл билан эзиб ва қайчи билан кесиб ўлдирмаслик, қирқим мавсумига ёш болаларни, ўсмирларни ва ҳомиладор аёлларни жалб этмаслик, сут соғиш жараёнида сигирлардан канани қўл билан олмаслик, шунингдек, қирқим вақтида фақат махсус ҳимоя кийимлардан (қўлқоп, енг ва пойчалари мустаҳкам беркиладиган шим, камзул, резина этик) фойдаланиш, шахсий гигиена қоидаларига пухта амал қилиш касалликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Кана чақишидан эҳтиёт бўлиш – бу Қрим – Конго геморрагик иситма касаллигини олдини олишнинг гарови эканлигини унутмаслигимиз керак, дейилади хабарда.

Мавзуга оид