Оғир касаллик туфайли ҳаёт-мамот ёқасига келиб қолган турмуш ўртоғини сақлаб қолиш учун аёл жигарининг бир қисмини беришга қарор қилди. Навоий вилоятида илк бор ўтказилган бу мураккаб операциягача оила йиллар давомида дард, хавотир ва умид билан яшади. Оиласи учун аёл нималар қила олиши мумкинлиги ҳақидаги ҳаётий ҳикоя.
Наргиза Рўзиеванинг айтишича, 2022 йилда турмуш ўртоғига жигар циррози ташхиси қўйилган. Унда гепатит асоратлари кузатилган. Аввалига оила бу хабардан довдираб қолмади, касалликка қарши курашишга ҳаракат қилди. Даволанишлар олиб борилди, текширувлар ўтказилди.


Бироқ вақт ўтгани сари касаллик асоратлари кучайиб борди. Бу ҳолат баъзан Шерзод Жўраевни тушкунликка ҳам тушириб қўйган.
“Бу синов, ҳали ҳаммаси ўтиб кетади. Биз бу касалликни енгамиз. Ҳаётга қаранг, одамларга қаранг, яқинларингиз, фарзандларингиз бор. Курашиш учун жуда кўп сабаблар бор, деб турмуш ўртоғимга тасалли бериб турардим”, - дейди Наргиза Рўзиева.
Оила бир неча марта Навоий ва Тошкентда текширувлардан ўтди. Шифокорлар жигар трансплантацияси, яъни жигар кўчириб ўтказиш амалиёти зарурлигини билдирди. Бунинг учун эса донор керак эди.

“Биринчи бўлиб ўзим жигаримни бераман дедим. Сингиллари ҳам донор бўлишга тайёрлигини айтди. Бир нечта текширувлардан кейин менинг натижаларим мос келди. Турмуш ўртоғимга жигаримни беришим мумкин экан. Буни эшитганимда жуда хурсанд бўлдим.
Аллоҳга шукур қиламан. Бу берган неъматлари олдида кичик бир синов. Насиб қилса, иккимиз ҳам бу синовдан ўтамиз”, - деган у операцияга киришдан олдин.
Операция Навоий вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида – вилоятда биринчи марта ўтказилди.

Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бош жарроҳи, тиббиёт фанлари номзоди Ўткир Хушвақтовнинг айтишича, операция Миллий тиббиёт маркази мутахассислари билан ҳамкорликда амалга оширилган.













