Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент вилоятида жойлашган оромгоҳларда “Таътил” профилактик тадбири ташкил этилди
2019 йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент вилоятида болалар билан боғлиқ равишда 45 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу фалокатларда 8 нафар норасида нобуд бўлди, 37 нафар бола турли даражадаги тан жароҳатлари олди. Уларнинг кўпчилиги бир умрга ногирон бўлиб қолди.

Ушбу ҳолатларни хисобга олиб, Тошкент вилояти ЙҲХ Бошқармаси томонидан вилоят ҳудудида жойлашган болалар соғломлаштириш оромгоҳларида йўл ҳаракати хавфсизлиги борасида “ТАЪТИЛ” профилактик тадбири ташкил этилди.

Бу йил Тошкент вилояти ҳудудида жами 43 та болалар соғламлаштириш оромгоҳи ташкил этилган бўлиб, бу оромгоҳларнинг 33 таси вилоятнинг сўлим ва бетакрор табиати билан ном чиқарган Бўстонлиқ туманида жойлашган. Бу оромгоҳларда минглаб болалар таътил кунларини мароқли ҳамда сермазмун ўтказишмоқда. Барча оромгоҳларга йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари бириктирилди. Бу ходимлар аниқ режа ва таҳлиллар асосида у ерларда тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларга таътил вақтларида ҳам хавфсизлик талабларини, йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиб боришдан иборат. Шу мақсадда оромгоҳларда турли тадбирлар, кўрик танлов ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига оид викториналар, савол-жавоблар ўтказилаяпти.
Рустам Асқаров,
Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ катта инспектори.