Ўзбекистон | 21:40 / 17.07.2019
68531
2 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов: ҳали мен танишишга ҳам улгурмай, ХТБ мудири пора билан қўлга тушди

Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов журналист Кирилл Альтман билан суҳбатда мактаб директорларини тайинлашнинг янгича тизимига ўтилиши ҳақида тушунча берди.

«Биз марказлашган бошқарувдан кечмоқчимиз. Илгари барча мактабларнинг директорларини тайинлашда вазирлик билан келишилган. Бунинг нима кераги бор? Ҳозирда биз мактаб директорлари кузатув кенгаши томонидан сайланадиган тизимга ўтмоқчимиз. Бу кўп вақт талаб қиладиган инқилобий ўзгариш бўлади. 

Одамлар бундай тизимга кўникмаган, бизда доим юқоридан раҳбар тайинланишига кўникишган, янги тизим кўпчиликка ёқмаслиги тайин. Чунки улар ўзлари директорликка тайинлашган, яъни ўз танишларини.

Бундан ташқари, коррупция ҳам авж олганди. Масалан, эндигина лавозимимга киришган вақтимда, ҳали мен танишишга ҳам улгурмай, Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбари директорликка тайинлаш учун пора олаётиб қўлга тушди. Биз мана шундай амалиётдан босқичма-босқич воз кечишимиз керак. Бунинг учун жойлардаги одамлар ҳам талаб қилишни билиши ва кузатув кенгаши доирасида ўзларини тўғри тутишлари лозим», деди у.

Маълумот учун, 2017 йил декабридан Андижон вилоят халқ таълими бошқармасини бошқарган Анваржон Зокирович Назаров 2018 йил ноябрида 1500 доллар миқдоридаги пора олаётганида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинганди.

Мавзуга оид