Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда электр таъминоти корхоналари муҳандисларининг коррупциявий ҳаракатлари фош этилди.
Хусусан, Фарғона тумани электр таъминоти корхонаси муҳандиси фуқаронинг қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига электр тармоғи тортиш, ҳисоблагич ўрнатиш ва электр таъминотига улаш, шунингдек, мансабдор танишлари орқали рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 100 миллион сўм талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида муқаддам судланган муҳандис талаб қилинган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Яна бир ҳолатда эса Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани электр таъминоти корхонаси муҳандиси маҳаллий фермер хўжалигининг электр энергиясидан тўпланган 122 миллион сўм қарздорлигини мансабдор танишлари орқали бекор қилдириб беришни ваъда қилиб, бунинг эвазига 50 миллион сўм талаб қилган.
У муқаддам 10 миллион сўм олган бўлиб, қолган 40 миллион сўмни олаётган вақтида ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан қўлга олинди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан муҳандисларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







