Бугунги ахборот технологиялари кенг ривожланган даврда аксарият мамлакатлар электрон ҳукумат, шу жумладан давлат хизматларини рақамлаштирилган тизимини, яъни қоғоз кўринишидаги архив маълумотларини электрон кўринишга ўтказиш ишларини кенг жорий этмоқда.
Аммо ижтимоий тармоқларимизни таҳлил қилганимизда фуқароларимиз электрон хизматлардан ёки фойдаланишмайди, ёки уларни етарли даражада автоматлаштирилмаганини таъкидлашади, деб хабар бермоқда Давлат хизматлари агентлиги.
Асосий муаммолар нимада?
Албатта, электрон ҳукумат ва онлайн давлат хизматлари ривожланишида барча давлат идораларининг ўрни беқиёс. Бунга фақатгина ҳар бир давлат идораси масъулиятни ҳис этган ҳолда ўзига тегишли бўлган маълумотлар базасини ҳамда архивларини ўз вақтида рақамлаштирсагина эришиш мумкин.
Таҳлиллар натижаси, аксарият идораларнинг давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўладиган маълумотлар базалари рақамли кўринишга келтирилмаганлигини кўрсатмоқда.
“Ўзархив” агентлигининг маълумотига кўра, Миллий архив фонди ҳужжатларининг 5 % ва алоҳида қимматли ҳужжатларнинг 23 % рақамлаштирилган, холос.
Мисол учун, 17 миллиондан ортиқ ўрта таълим мактаблари ва 6 миллионга яқин ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчиларининг шаҳодатномалари ҳамда 5 миллиондан ортиқ ходимларнинг ишлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари (меҳнат дафтарчалари) рақамлаштирилмаган.
Бугунги кунда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар бу борадаги йўналишлар бўйича етарли ишларни амалга оширмаяптилар ёки уларнинг раҳбарлари томонидан ушбу ҳолатга жиддий ёндашилмаяпти.
Барча давлат органларининг давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган маълумотлар базаларини рақамли кўринишга ўтказмасдан туриб, электрон ҳукумат тизимини тўлақонли амалиётга жорий этиб бўлмайди.
Ҳаттоки, бугунги кунда “Ўзархив” агентлигида бутун республикани қамраб оладиган маълумотлар базаси ва ахборот тизими ҳалигача мавжуд эмас.

















