Ўзбекистон | 21:00 / 19.07.2019
12683
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳудудлари туристик логотипларига доир танлов якунлари эълон қилинди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудларининг туристик брендларини ишлаб чиқишга доир танлов якунларини эълон қилди.

Танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган «2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси»ни амалга ошириш бўйича «2019 йилги чора-тадбирлар режаси»га мувофиқ ўтказилди.

Ўтказилган очиқ умумхалқ онлайн овоз бериш жараёни натижаларига кўра, вилоятларнинг 9та туристик логотипи танлаб олинди. 5та ҳудуд бўйича ғолиб аниқланмади, сабаби – иштирокчиларнинг 20 фоизи барча вариантга қарши овоз беришди.

Бухоро вилоятининг туристик логотипи – лотинча Б ҳарфи билан бирлаштирилган «Минораи Калон» тасвири, муаллиф Жасур Ғайратов, 9825та (27,3 фоиз) овоз тўплаган.  

Қашқадарё вилоятининг туристик логотипи – учта барг – Амир Темурнинг тамғасига ишора, муаллиф Аслан Мўйдинов, 2859та (63,5 фоиз) овоз тўплаган.  

Наманган вилоятининг туристик логотипи – лотинча Н ҳарфига мослаштирилган гул новдаси ва гулбарги, муаллиф Жасур Ғайратов, 3315та (42,3 фоиз) овоз тўплаган.  

Самарқанд вилоятининг туристик логотипи – «Регистон» ансамбли, тоғлар, кўк гумбазлар ва Самарқанд нони тасвири, муаллиф Элмира Абизбаева, 8494та (50,8 фоиз) овоз тўплаган.  

Сурхондарё вилоятининг туристик логотипи – Сурхондарё каньонлари ва куйдирувчи оқ қуёш, муаллиф Ҳабиба Нигматуллаева, 5866та (51,4 фоиз) овоз тўплаган.  

Сирдарё вилоятининг туристик логотипи – оққуш ва Сирдарё тўлқинлари тасвири, муаллиф Зилола Муҳаммаджонова, 7542та (47,8 фоиз) овоз тўплаган.  

Тошкент вилоятининг туристик логотипи – яшил япроқлардан иборат Т ҳарфи ва сув ресурсларининг сероблигига ишора қилувчи кўк белгилар, муаллиф Аслан Мўйдинов, 3507та (51 фоиз) овоз тўплаган.  

Тошкент шаҳрининг туристик логотипи – очиқ ҳолатдаги олтин дарвоза ва мусаффо осмон кўринишидаги Т ҳарфи, муаллиф «Маъно Брендинг», 26296та (34,7 фоиз) овоз тўплаган.  

Хоразм вилоятининг туристик логотипи – қадимий архитектура нақшлари, пахта чаноғи, Амударё тўлқинлари ва кўзмунчоқ, муаллиф Хоразм вилоятининг Туризмни ривожлантириш департаменти, 9972та (32,9 фоиз) овоз тўплаган.  

Андижон, Жиззах, Навоий, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси туристик логотиплари бўйича ғолиб аниқланмаган ва танлов такроран ўтказилади.

Қайд қилиш жоизки, танловда Аслан Мўйдинов ва Жасур Ғайратов томонидан тақдим қилинган 2та логотип ғолиб чиққан.

Мавзуга оид