Ўзбекистон | 20:50 / 19.07.2019
144544
3 дақиқада ўқилади

Қўмита раиси ўринбосари: «Колбаса аслида қандай тайёрланишини билсангиз, уни емайсиз»

Бугун, 19 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутасаддилари иштирокида ОАВ ходимлари учун очиқ мулоқот ташкил қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Унда “Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 18 мартдаги Президент қарорининг мазмун-моҳияти ва ижроси юзасидан маълумот берилди, шунингдек, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга қўмита мутасаддиларидан жавоб олишди.

Тадбир давомида бир муддат аввал Россиядаги колбаса ишлаб чиқарувчи заводларда ўтказилган текширувларда ҳалол сертификатига эга бўлишига қарамасдан уларда чўчқа ёғи қўшилиши аниқлангани, Ўзбекистонда бу борада ҳолат қандайлиги масаласида савол берилган.

Саволга қўмита матбуот хизмати раҳбари Анвар Суюнов шундай жавоб берган:

«Колбасанинг тайёрланиши ҳақида озроқ тушунча берай. Колбасанинг ўз маркалари бор. Масалан, «Любительская», «Докторская». «Любительская» колбасасида гўшт миқдори 35% бўлади. Бунда қолган 65%ни оқсилбоп дуккакли маҳсулотларнинг уни ташкил қилади. Масалан, мош, нўхат, ясмиқ, соя. Ҳар бир колбаса маркасида гўштнинг неча фоизлиги ёзиб қўйилади.

«Охотничая» колбасасида, масалан, 72% гўшт бўлади. Табиийки, унинг бир килоси нархи тахминан 100 минг сўм туради. Бошқа турдагилариники эса арзонроқ. Сиз саволингизда колбаса таркибида бошқа нарсалар, масалан, қоғоз, картон, селлюлоза бўлишига шама қилаётган бўлишингиз мумкин. Йўқ, ҳаммаси табиий тоза маҳсулот».

«Аввало, колбаса маҳсулотлари сифатини текшириш, уларга сертификат бериш бу «ЎЗСТАНДАРТ» агентлигининг иши», дея жавобни тўлдирди  Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Аброр Акбаров. 

«Колбаса қайта ишланувчи маҳсулот ҳисобланади. Уни аслида қандай тайёрланишини билсангиз, уни емайсиз. Ўзи шунақа нарса, колбаса», дейди у.

Қўмита вакилининг айтишича, колбасага гўшт бозордан етказиб берилади ва бунда ҳар хил ноқонуний ҳолатлар учраши мумкин.

 «Беш қўл баравар эмас, ноқонуний ҳолатлар ҳам учрайди. Биз ана шундай ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш учун Карантин хизмати билан тегишли жойларда рейдлар уюштирмоқдамиз. Бунда ноқонуний цех ташкил қилган шахслар бўйича ҳам алоҳида ишлар олиб борилмоқда», дейди Акбаров.

Мавзуга оид