1980-йиллар иккинчи ярми ва 1990-йиллар бошида СССРда иқтисодий инқироз юз берди. Одамларнинг турмуш даражаси пасайиб, магазинларда тақчиллик пайдо бўлди.

Бу иқтисодий инқирознинг илдизи 1970-йиллар охирида, советлар Афғонистон ҳудудига бостириб кирган пайтдан бошланади.

Советлар Афғонистонга бостириб киргандан сўнг Ғарб давлатлари СССРга нисбатан иқтисодий ва сиёсий санкциялар эълон қилди. Оқибатда, бир томондан санкциялар, иккинчи томондан нефт нархининг кескин тушиб кетиши СССРдаги иқтисодий вазиятни оғирлаштира бошлайди. Бунинг устига Афғонистондаги урушга ҳисобсиз маблағ ишлатилади ва мамлакатда аҳолининг турмуш даражасини пасайтиради.

Вазият айниқса 1980-йиллар ўрталарига келиб оғирлашади. Шу сабабли 1985 йилда СССР раҳбари бўлган Михаил Горбачёв мамлакатда ислоҳотларни бошлайди.  Бу пайтда эса СССР иқтисодиёти батамом фалажланиб бўлади. 1987-88 йилларда мамлакатда кўплаб маҳсулотлар тақчиллиги кузатила бошланади. Магазинлардан энг биринчи кирсовун ва шакар узилади. Сўнг бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда истеъмол товарлари тақчиллиги бошланади.

1980-йиллар охирига келиб СССРдаги магазинларда озиқ-овқат ва бошқа истеъмол маҳсулотлари тақчиллаша бошлади.
Фото: alamy.com

1989-1990 йилларда мамлакат бўйлаб магазинларда гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар ҳамда бошқа озиқ-овқатлар камайиб кетади.

Мамлакатнинг пул бирлиги рубл кескин қадрсизлана бошлайди. Ўша пайтда одамлар қўлидаги пулга маҳсулот топа олмай қолади. Уларни махсус талонлар билан сотишга ўтишади. Шу билан бирга яширинча, «подприлавка» ҳолда савдо қилиш авж олади.

Умумий манзара шундай бўладики, магазинларда кундалик озиқ-овқатлар тақчил, иккиламчи озиқ-овқатлар ва сифатсиз (брак) кийим-кечак ҳамда бошқа истеъмол товарларини эса чанг босиб ётарди.

Ана шундай кунларнинг бирида Украинадаги вилоятлардан бирида халқ вилоят раҳбарияти биноси олдига тўпланиб намойиш ўтказа бошлайди.

Аслида ўша пайтда СССРнинг турли ҳудудларида озиқ-овқат тақчиллигига қарши тез-тез намойишлар бўлиб турган. Бироқ Украинадаги намойишларга ўша пайтда анча тақчил бўлган ва магазинларда топилмай қолган гўшт ва сут маҳсулотлари, жумладан колбаса ва пишлоқ сабаб бўлганди. Шу сабабли бу намойишлар тарихда «Колбаса инқилоби» номини олган.