Ўзбекистон Республикаси президенти хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Отабек Умаров сўнгги пайтларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган тонировка масаласи бўйича ўз фикрини билдирди.

“Менга “Инстаграм”даги саҳифам орқали баҳсли мавзу — “тонировка” борасида жуда кўп мурожаат келиб тушмоқда. Шу сабабли ва бу актуал мавзунинг қисман хавфсизлик масаласи билан боғлиқлиги учун ўз фикримни билдиришга қарор қилдим. 

Фикримча, “тонировка” мавзуси Ўзбекистон шароитида долзарб ва ўринли кўтарилган. Чунки юртимизда иқлим шароити ёз ойлари, айниқса, чилла пайти жуда оғир бўлади.
 
Масаланинг муҳим эканлигини ҳамда Интернет тармоқлари орқали жамоатчилик, блогерлар ва депутатлар мурожаатларини инобатга олиб, биз мутасадди давлат идораларига бу масалани амалиётга жорий қилиш юзасидан тегишли тавсиялар бердик. Ҳозирда “тонировка” мавзуси бошқа давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, ҳар томонлама кўриб чиқилмоқда. 

Хавфсизлик нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, шуни алоҳида айтмоқчиманки, бизда ушбу йўналишда ҳамма зарур чоралар ишлаб чиқилган ва ижроси таъминланган. Автоулов “тонировка”си хавфсизлик масалаларини ҳал қилишда ва таъминлашда бизга тўсиқ бўлолмайди”, - деб ёзади Отабек Умаров.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг 2018 йил 18 июлдаги «Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2018 йил 1 августдан бошлаб, жисмоний ва юридик шахсларга туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан пулли асосда фойдаланишга рухсат берилди. 

Тўлов 1 йил муддатга: 

жисмоний шахслар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 90 баравари (18 245 700 сўм);
юридик шахслар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 120 баравари (24 327 600 сўм);
Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 140 баравари (28 382 200 сўм) миқдорида белгиланди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг қайд этишича, бугунги кунда автотранспорт воситаларига эҳтиёт қисмлари билан савдо қилиш дўконларида термал плёнкани учратиш мумкин. Билдирилишича, термал плёнка ўзининг хусусиятига кўра, тонировка плёнкасидан анча устунликка эга ва ҳайдовчилар учун ҳам ён-атрофни кўришга халақит бермайди.