Ўзбекистон | 22:00 / 22.07.2019
47172
5 дақиқада ўқилади

Бухородаги қадимий карвонсаройларда ресторан очилиши бўйича хавотирга ўрин йўқ — Вазиятга Франция элчиси аралашди

Бухоро шаҳрининг қадимий марказида жойлашган, Франциянинг «Карвонсаройлар ассоциацияси» уюшмаси ва француз меценатлари маблағлари эвазига мукаммал реконструкция қилинган Фатҳуллохон ва Аёз карвонсаройлари Бухоро шаҳридаги «Temur’s restaurant» умумий овқатланиш корхонаси раҳбари Темур Тиллаевга ижара асосида берилаётгани, бу қадимий ва тарихий гўшада овқатланиш жойи очилиши ҳақидаги ташвишли хабарлар Kun.uz таҳририятига ҳам келиб тушган эди.

Kun.uz мухбирлари Бухоро шаҳрида бўлиб, мазкур масалани синчиклаб ўрганди. Чунончи, реставрациядан чиқарилган объектга электр симлари ўтказиш учун сувоқлар кўчирилганига гувоҳ бўлдик (Яқин кунларда бу мавзудаги видеорепортаж сайтимизда эътиборингизга ҳавола этилади — таҳририят).

Фото:Troll.UZ

Хусусан, карвонсаройлар аҳволидан хабар олишга борганимизда, «Temur’s restaurant» умумий овқатланиш корхонаси раҳбари Темур Тиллаев Kun.uz мухбирларига бу ерга кириш мумкин эмаслигини, у ижарага олгани ва объект унга қарашли эканини айтиб тўсқинлик қилди, таҳририят номига туҳмат ва ҳақоратли гапларни айтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги №53-сонли «Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни уларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори билан тасдиқланган «Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни уларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисида»ги Низомга кўра тарихий объектлар ижарага берилиши мумкин.

Бироқ, реставрация қилинган объектларда ишларнинг барча турларини бажаришга, шу жумладан унинг ташқи кўринишини, интерьери ва туташ ҳудудни ишчи орган билан ёзма келишувсиз ўзгартиришга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.

Kun.uz мухбирлари кейинроқ қулф осилган карвонсарой очилгач, Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари О.Жўраев, Бухоро шаҳар ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосари К.Давронов, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақалараро давлат инспекцияси мутахассиси У.Ҳакимов иштирокида объектни кўздан кечиришди.

Бунгача мавжуд вазият Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор хонимни ҳам ташвишга солгани ҳақидаги хабарлар ОАВда тарқалиб улгурди.

Афтидан, масалага ижобий ечим топилганга ўхшамоқда. 22 июль куни Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ва элчи Виолен де Вильмор иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ҳам айни шу масалалар хусусида сўз борди.

Мулоқот асносида элчининг Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида жойлашган, Франциянинг «Карвонсаройлар» нотижорат ассоциацияси томонидан реконструкция қилинган тўрт карвонсарой, жумладан, «Аёз» карвонсаройида ресторан очилиши хусусидаги хавотирларига ойдинлик киритилди.

Ўзаро англашув ва самимий мулоқот тарзида кечган учрашув чоғида вилоят ҳокими бундан 20 йил олдин таъмирланган мазкур карвонсаройлар ўз ҳолича сақланаётганини, бу ерда ҳеч қандай ресторан очиш режаси мавжуд эмаслигини, аксинча, бугунги кунда ишламай турган бу объектларнинг асл кўринишини сақлаб қолган ҳолда уларда сайёҳлар ташриф буюриши учун қулай имкониятлар яратиш бўйича иш олиб борилаётганини маълум қилди.

Бугунги кунда давлат тасарруфида ва муҳофазасида бўлган бу объектлар бўйича ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлигига амин бўлган Виолен де Вильмор хоним Бухоро вилояти маъмурияти билан Франция маданий-тарихий обидаларни сақлаб қолиш ва таъмирлаш бўйича ўз тажрибасини ўртоқлашишга ҳамда Версаль университети етакчи мутахассислари иштирокида семинар-тренинглар ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

Мулоқот якунида икки томоннинг бу борадаги ўзаро ҳамкорлиги маданий мерос объектларини сақлаш ва келажак авлодга етказишда катта аҳамиятга эга бўлиши таъкидланди.

Қайд этиб ўтиш лозимки, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақалараро давлат инспекцияси томонидан Бухоро вилоятида 660та моддий-маданий мерос объекти рўйхатга олинган.

Шундан, 231таси археология объекти, 364таси архитектура ёдгорлиги, 19таси монументал санъат асари, 22таси архитектура ансамбли ва 24таси диққатга сазовор жойлардир.

Уларни асл ҳолича сақлаш, қадимий меъморчилик талабларига мос равишда таъмирлаш борасида мунтазам иш олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилда вилоятдаги моддий маданий мерос объектларини сақлаш ва реставрация ишлари учун жами 10 миллиард 700 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,

Kun.uz мухбири.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид