Иқтисодиёт | 12:39 / 24.07.2019
36976
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон олтин қазиб олиш бўйича режаларини ошкор қилди

Фото: LiveJournal

Ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганишни янада такомиллаштириш ва 2020–2021 йилларда минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.

Адлия вазирлиги хабарига кўра, қарор билан 2020–2021 йилларда минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастури маъқулланди.

Дастур доирасида фойдали қазилмаларнинг истиқболли майдонларини қидириш 2020 йилда 35 фоизга, 2021 йилда 40 фоизга етказилади.

2020 йилда олтин ва кумуш қазиб олиш 150 тоннага, 2021 йилда эса 300 тоннага етказилади.

Дастурни амалга ошириш учун жами 2 трлн 371 млрд 9 млн сўм маблағ ажратилади.

Қарор билан геология-қидирув ишларини олиб боришни янада такомиллаштириш, ер қаърини оқилона ўрганиш ва ўзлаштириш, шунингдек, кон-геология соҳасининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

“Йўл харитаси” доирасида геология-қидирув ишлари ҳисоботларини тузишнинг халқаро стандартлари жорий қилинади ва фойдали қазилмалар захиралари JORC Кодексига мувофиқ тасдиқланади.

Қаттиқ фойдали қазилма майдонлари ва конлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш учун ягона электрон онлайн платформа ишга туширилади.

Мавзуга оид