Инсон бир кунлик фаолияти давомида ўртача 1-1,5 кг чиқинди ҳосил қилади. Қутига ташланганидан кейин хотирадан мутлақо чиқиб кетадиган оддий баклажканинг кейинги тақдири нима кечади?

Чиқинди йўқолиб кетмайди, шунчаки «дафн қилинади»

Қутига ташланган чиқинди ўз манзилига етгунича уч босқични босиб ўтади. Ҳар бир хонадондан чиққан чиқиндилар дастлабки йиғиш пунктларида, яъни квартал ва маҳаллалардаги чиқиндихонларда тўпланади. «Махсустранс» машиналари уларни йиғиб, қайта юклаш станцияларига олиб боради. Тошкент шаҳридаги учта ─ Юнусобод, Яккасарой ва Яшнобод туманларида қайта юклаш станцияларида улкан контейнерларга зичлаб жойлаштирилгач, улар охирги манзил ─ Оҳангарон полигонига олиб келинади. Чиқиндилар уюми соат сайин кўтарилиб, Ер сайёрасини қамраб олаётганини бу ерда қисман ҳис қилиш мумкин. Полигондан видеорепортаж тайёрлаган Kun.uz ходимлари бунга бевосита гувоҳ бўлишди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Тошкент шаҳридан олиб чиқиладиган чиқиндилар жойлаштириладиган Оҳангарон полигонининг ҳудуди 59 гектар бўлиб, ўтган асрнинг 70-йилларидан бери фаолият юритади. Мазкур полигон ҳудуди 98 фоизга чиқинди билан тўлиб бўлган. Бир кунда Тошкент шаҳрининг ўзидан 2000 тоннагача чиқинди олиб чиқилади. Бу полигонга республиканинг бошқа ҳудудларига қараганда анча катта ҳажмда чиқинди олиб келинса ҳам, иш жараёни анча примитив тарзда олиб борилади.

Чиқиндиларни қайта юклаш ва утилизация қилиш ДУК участка бошлиғи Абдусабид Нишонбоев полигонга келадиган чиқиндиларнинг тақдири билан таништирди. «Бу ерга олиб келинган чиқиндилар тўртта катта қисмга бўлинган майдонларга навбати билан жойлаштирилади. Чиқинди тўкилади, механизаторлар булдозерлар орқали уларни суриб, 2,5 метр қалинликда ёйиб чиқади, устидан тупроқ билан ёпилиб, рекултивация қилинади. Шу тарзда кейинги навбатдаги майдонга ўтилади», ─ дейди у.

Абдусабид Нишонбоев

Экология қўмитасининг чиқиндилар билан ишлаш соҳасида ишларни мувофиқлаштириш ва ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Умаржон Абдуллаев республика бўйича мавжуд полигонлар ҳолати ҳақида маълумот берди.