Жаҳон | 08:47 / 24.07.2019
12420
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи АҚШга 35 млрд долларлик жавоб божлари киритиш билан таҳдид қилди

Фото: EPA-EFE/JULIEN WARNAND

Европа Иттифоқи Вашингтон Европа Иттифоқида ишлаб чиқарилган автомобилларга божлар киритиши ҳолатида АҚШга қарши жавоб чораларини кўзда тутувчи ҳужжатни тайёрлади. Европа Иттифоқининг савдо бўйича комиссари Сесилия Мальмстрем агар АҚШ томонидан божлар киритилса, АҚШда ишлаб чиқарилган 35 млрд долларлик турли маҳсулотларга қўшимча бож солинишини маълум қилди.

“Биз бирорта квота ва чекловга чидаб турмаймиз. Агар божлар киритилгудек бўлса, бизда жавоб рўйхати бор”, деб айтган Мальмстрем.

Комиссар Брюссел бундай йўл тутишига тўғри келмаслигига умид билдирган.

Май ойида АҚШ президенти Дональд Трамп бир қатор хорижий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари АҚШ иқтисодий манфаатларига таҳдид солаётганини айтган. Бироқ у Европа Иттифоқи ва Япония билан музокаралар ўтказилишига ишора қилиб, божлар киритилишини ярим йилга қолдирган.

Мальмстрем Трампнинг бу қарорини қутлаган, бироқ унинг Европа томонидан АҚШга таҳдид мавжудлиги борасидаги фикрини “бемаъни” деб атаган.

“Умид қиламанки, ўзаро муносабатларимизнинг ушбу бобини ёпамиз ва келгусида бирга ишлаш учун йўлни топамиз”, деб айтган ўшанда Европа Иттифоқи вакили.

Мавзуга оид